Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги назорат чизиғининг Жамму ва Кашмирдаги Ражаури секторида икки соат давом этган қуролли тўқнашув юз берди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Ҳиндистон ҳарбийлари чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган шахсларни тўхтатишга ҳаракат қилган. Шундан сўнг икки томон ўртасида тахминан икки соат давом этган отишма бошланган.
ОАВ маълумотига кўра, бу 2025 йил май ойида Ҳиндистоннинг "Синдур" ҳарбий операцияси якунланганидан бери ўт очишни тўхтатиш режими билан боғлиқ илк йирик ҳодиса ҳисобланади.
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик 2025 йил апрель ойида Жамму ва Кашмирнинг Паҳалгам ҳудудида содир этилган терактдан кейин кучайган эди. Шундан сўнг Ҳиндистон "Синдур" операциясини бошлаб, Покистон ҳудудидаги террорчилик инфратузилмасига зарбалар берганини маълум қилган.
Орадан тўрт кун ўтиб, томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувга эришган. Бироқ кейинчалик Ҳиндистон Қуруқлик қўшинлари раҳбарияти зарурат туғилса, "Синдур 2.0" операцияси ўтказилиши мумкинлигини билдирган.






