АсосийДУНË

Венесуэладаги икки кучли зилзила оқибатида қурбонлар сони 5 мингдан ошди

Маълум қилинишича, 190 та бино бутунлай вайрон бўлган, яна 856 та иншоот жиддий зарар кўрган.

'Венесуэладаги икки кучли зилзила оқибатида қурбонлар сони 5 мингдан ошди'ning rasmi

Венесуэлада 24 июнь куни содир бўлган икки кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 069 нафарга етди. Бу ҳақда мамлакат Миллий ассамблеяси раиси Хорхе Родригес маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, табиий офат туфайли 16 740 нафар киши турли даражада жароҳат олган, 17 907 нафар аҳоли эса уй-жойсиз қолган. Қутқарув хизматлари томонидан 6 462 нафар инсон топилган, қарийб 37 минг нафар жабрланганга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Зилзила мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида катта вайронагарчиликларга сабаб бўлган. Маълум қилинишича, 190 та бино бутунлай вайрон бўлган, яна 856 та иншоот жиддий зарар кўрган.

Мутахассислар ҳодисани «сейсмик дуплет» сифатида баҳоламоқда. Дастлаб магнитудаси 7,2 бўлган ер силкиниши қайд этилган, орадан бир дақиқадан кам вақт ўтгач эса 7,5 магнитудали иккинчи кучли зилзила содир бўлган.

Биринчи зилзиланинг эпицентри Кариб денгизи соҳилидаги Морон шаҳри яқинида, Каракасдан тахминан 168 километр масофада жойлашган. Кейинги кучли силкиниш ҳам шу ҳудудда қайд этилган.

Венесуэла расмийларининг билдиришича, ҳалок бўлганларнинг асосий қисми соҳилбўйи ҳудудларига тўғри келади. Уй-жойидан айрилган минглаб одамлар вақтинчалик лагерларга жойлаштирилган. Айрим халқаро ташкилотлар бу ҳудудларда ичимлик суви ва санитария шароитлари билан боғлиқ муаммолар борлигини қайд этган.

Зилзила оқибатларини бартараф этиш ишларини молиялаштириш мақсадида Венесуэла ҳукумати Халқаро валюта жамғармасидаги 346 миллион доллар маблағни йўналтирган.

Мамлакатда ҳалок бўлганлар хотирасига етти кунлик миллий мотам эълон қилинган. Венесуэла раҳбарияти жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдириб, қутқарув ва тиклаш ишлари давом этаётганини маълум қилган.

    Бошқа янгиликлар

    Венесуэладаги икки кучли зилзила оқибатида қурбонлар сони 5 мингдан ошди - Darakchi.uz