Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида фуқарони Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, ундан 8 минг АҚШ доллари талаб қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Когон шаҳридаги бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда бир фуқаро бошқа шахснинг ишончига кириб, уни Жанубий Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилгани аниқланган. У бунинг учун юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали масалани ҳал қилиб беришини айтган.
Шу тариқа у келишилган 8 минг доллардан 1 минг долларини фирибгарлик йўли билан олган. Ушбу пулнинг 200 доллари процессуал тартибда қайтарилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда фуқароларни Жанубий Кореяга ишга ёки ўқишга юборишни ваъда қилиб, катта миқдорда пул талаб қилиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари кўпайган.
14 май куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ йирик коррупциявий схемани фош этган. Унда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда хусусий бандлик агентликларининг собиқ мансабдорлари ва бошқа шахслар иштирок этгани айтилган.
Шунингдек, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида ҳам фуқароларни Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, улардан пул олган шахслар ушланган.
4 июнь куни Кореяга ўқиш ва ишлаш учун кетмоқчи бўлган 15 нафар фуқародан 50 минг доллардан ортиқ пул олган нодавлат таълим муассасаси раҳбари ҳам ушлангани хабар қилинган. 10 июнь куни эса Жанубий Кореяга бориш ниятида бўлган 56 нафар фуқаро фирибгарлар томонидан алдангани маълум бўлган.
19 июнь куни Миграция агентлигининг Фарғона вилояти филиали собиқ раҳбари Б.Х. 8 нафар фуқарони имтиҳонлардан ўтказиб, Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилгани ва бунинг эвазига 90 минг доллар олгани фош этилган.
26 июнь куни эса Жанубий Кореяга кетмоқчи бўлган яна 20 нафар фуқаро фирибгарлар томонидан алдангани аниқланган.
11 июль куни Тошкент шаҳрида икки шахс фуқароларни Жанубий Корея ва АҚШга ноқонуний йўллар билан юборишни ваъда қилиб, 55 минг доллар талаб қилгани ва шундан 25 минг долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган шахс фуқарони Ўзбекистон—Туркия—Испания—Мексика—АҚШ йўналиши орқали Америкага юборишни ваъда қилиб, 50 минг доллар талаб қилган. У Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 20 минг долларни олаётган вақтда қўлга олинган.






