Перунинг Хунин вилоятида содир бўлган икки зилзила оқибатида камида 6 киши ҳалок бўлди, 21 нафар фуқаро жароҳат олди. Бу ҳақда мамлакат Фуқаро мудофааси институти маълум қилди.
Зилзилалар 19 июль куни кечқурун Хунин вилоятининг Чупака провинциясида, пойтахт Лимадан тахминан 300 километр шарқда содир бўлган.
Перу Миллий сейсмология маркази маълумотига кўра, биринчи зилзиланинг магнитудаси 5,1, иккинчисиники эса 3,7 ни ташкил қилган. Ер силкинишлари 24 ва 18 километр чуқурликда қайд этилган. Европа–Ўртаер денгизи сейсмология маркази биринчи зилзила магнитудасини 5,6 деб баҳолаган.
Перу Миллий фуқаро мудофааси институти раҳбари Луис Васкеснинг билдиришича, дастлабки маълумотларга кўра, 48 та уй бутунлай вайрон бўлган, яна 18 та уйга зарар етган. Табиий офат тахминан 300 нафар аҳолига таъсир кўрсатган.
Зарар кўрган аҳоли пунктларидаги уйларнинг аксарияти хом ғиштдан қурилган. Ҳозирда қутқарувчилар ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари вайроналарни тозалаш ишларини олиб бормоқда. Вайроналар остида яна жабрланганлар бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Зарар кўрган аҳолига вақтинча яшаш учун чодирлар ажратилмоқда.
Маълумот учун, Перу Тинч океанидаги "Олов ҳалқаси" деб аталувчи сейсмик фаол ҳудудда жойлашган. Дунёдаги зилзилаларнинг аксарияти айнан ушбу минтақага тўғри келади.
Аввалроқ Мексиканинг Тинч океани соҳиллари яқинида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлгани хабар қилинган эди.






