Сўнгги йилларда мазкур соҳага йўналтирилган инвестициялар ҳажми 10 баробарга ошиб, 2,7 миллиард долларга етган. Бунинг натижасида аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилдаги 63 фоиздан қарийб 83 фоизга ошган.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда 7,7 миллион аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, 11 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланган. Шунингдек, 1,1 миллион киши канализация тизимига уланган.
Бу даврда 39 минг километр ичимлик суви ва 3,2 минг километр оқова сув тармоқлари қурилган ва реконструкция қилинган. 3,4 мингта ичимлик суви иншооти ҳамда 295 та оқова сув иншооти ва насос станцияси барпо этилган ёки янгиланган.
Келгуси йилларда ичимлик суви таъминотини 90 фоизга, шаҳарларда канализация хизматлари қамровини 80 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун қўшимча 1,3 миллиард доллар инвестиция жалб этилиши кўзда тутилмоқда.
Тақдимотда соҳадаги айрим муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Андижон шаҳрида канализация тизимидаги муаммоларни бартараф этиш учун 107 миллиард сўм ажратилган. Сергели туманида эса ёқимсиз ҳид тарқалишининг олдини олиш мақсадида замонавий фильтрлар ўрнатилмоқда.
Сурхондарё аҳолисини Тўпаланг сув омборидан ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси доирасида Термиз шаҳригача тармоқ тортиб келинган. Йил якунига қадар Шеробод, Музработ, Ангор ва Жарқўрғон туманларига ҳам сув етказиб бериш режалаштирилган.
Шунингдек, 513 та маҳаллага марказлашган ичимлик сувини олиб бориш, яна 3 мингта маҳаллада сув таъминоти сифатини яхшилаш вазифаси белгиланди.
Ичимлик сувини хонадонларгача етказиб бериш мақсадида 232 мингта сув колонкаси ўрнига тармоқларни тўғридан-тўғри уйларгача тортиш кўзда тутилмоқда.
Йил якунига қадар умумий қиймати 600 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади. Уларнинг доирасида 1,6 минг километр ичимлик суви ва 387 километр канализация тармоғи, 80 та сув ҳамда 29 та оқова сув иншооти қурилади.
Натижада 107 та маҳалладаги 310 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланади. 453 та маҳалладаги 2,5 миллион аҳоли учун эса сув таъминоти яхшиланади.
Қашқадарё вилоятида "Ҳисорак" сув омборидан ичимлик суви олиб келиш лойиҳасини жадаллаштириш топширилди. Қиймати 217 миллион доллар бўлган лойиҳа Қамаши, Ғузор ва Қарши туманлари ҳамда Қарши шаҳридаги 1,1 миллион аҳолининг сув таъминотини яхшилаши кутилмоқда.
Президент сув таъминоти корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратди. Амалдаги тарифлар хизматларнинг ҳақиқий таннархини тўлиқ қопламаётгани, ҳудудлар кесимидаги кескин фарқлар эса соҳанинг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.
Шу муносабат билан ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш вазифаларини ажратиш ҳамда Магистрал сув таъминоти корхонасини ташкил этиш таклиф қилинди. Мазкур корхона ҳудудий корхоналарга ичимлик сувини ягона улгуржи тариф асосида етказиб бериши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, тарифларни шаффоф ва иқтисодий асосланган мезонлар асосида белгилаш учун Идоралараро тариф комиссиясини ташкил этиш, 2027 йил 1 апрелдан бюджет ташкилотлари учун ягона тарифни жорий қилиш вазифаси қўйилди.
Соҳани рақамлаштириш доирасида барча истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларни онлайн тизимга ўтказиш, замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатиш ҳамда сув иншоотлари ва тармоқларининг рақамли харитасини яратиш белгиланди.
"SCADA", "GIS", телеметрия ва ягона биллинг тизимларини кенг жорий этиш орқали сув йўқотишларини 35 фоиздан 25 фоизга тушириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда насос ускуналари ишини таҳлил қилиш, авария ва сув оқишларини олдиндан аниқлаш, истеъмол ҳажмини прогнозлаш ҳамда аҳоли мурожаатларини тезкор кўриб чиқишга қаратилган лойиҳалар тақдим этилди.
Тақдимот якунида Президент лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, хизматлар қамровини кенгайтириш, корхоналарнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда соҳани рақамлаштириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.






