АсосийЖАМИЯТ

Садир Жапаров Қирғизистон давлат қарзини ЯИМнинг 50 фоизидан оширмасликни топширди

Жапаров мамлакатга жалб қилинаётган кредитлар аниқ лойиҳаларга йўналтирилаётгани ва улардан фойдаланиш қатъий назорат қилинаётганини айтди.

'Садир Жапаров Қирғизистон давлат қарзини ЯИМнинг 50 фоизидан оширмасликни топширди'ning rasmi

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳукуматга мамлакатнинг умумий давлат қарзини ялпи ички маҳсулотнинг 50 фоизидан оширмасликни топширди. Бу ҳақда у 21 июль куни ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Президентнинг таъкидлашича, 2020 йилга қадар Қирғизистоннинг ташқи қарзи мамлакат ЯИМининг қарийб 120 фоизига етган. Ҳозирда эса бу кўрсаткич 39 фоизни ташкил этмоқда.

Жапаров мамлакатга жалб қилинаётган кредитлар аниқ лойиҳаларга йўналтирилаётгани ва улардан фойдаланиш қатъий назорат қилинаётганини айтди.

"Бугун жалб қилинган ҳар бир кредит аввалги йилларда бўлганидек изсиз йўқолиб кетмаяпти", деган Президент.

Унинг қайд этишича, қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар келажакда сарфланган маблағларни мустақил равишда қайтариш имконини бериши керак.

Қирғизистон раҳбари айрим мамлакатларда давлат қарзи ЯИМнинг 100 фоизидан ошиб кетганини қайд этар экан, мамлакат бу кўрсаткични ўзи учун мезон қилиб олмаслиги кераклигини таъкидлади.

Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги лозим.

    Бошқа янгиликлар

    Садир Жапаров Қирғизистон давлат қарзини ЯИМнинг 50 фоизидан оширмасликни топширди - Darakchi.uz