"Uzbekistan Airways" маршрутларнинг оптимал танланмагани, рейслар орасидаги вақтнинг узоқлиги ва кечикишлар кўплиги, кейтеринг ҳамда техник хизмат кўрсатиш соҳаларида рақобат йўқлиги сабабли 120 миллион доллар даромадни бой беряпти. Бу ҳақда бугун, 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда стратегик корхоналар харажатлари ҳам танқидий таҳлил қилинди. Қайд этилишича, аввал тармоқлар умумий харажатларни фоиз ҳисобида қисқартириб, маҳсулот таннархи пасайгани ҳақида ҳисобот берган. Бироқ бир бирлик маҳсулот таннархи бўйича ўтказилган таҳлил ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб берган.
Масалан, Навоий кон-металлургия комбинатида 1 унция олтин таннархи 8,2 фоизга ошган. Корхонанинг жами харажатлари ўтган йилга нисбатан 6,2 триллион сўмга ёки 22 фоизга кўпайган.
"Ўзбекистон металлургия комбинати"да пўлат шарлар ишлаб чиқариш таннархи 5,4 фоизга, "Ўзкимёсаноат"да карбамид бўйича 11,1 фоизга, аммиакли селитра бўйича эса 8,3 фоизга ошган.
"Franklin Templeton" компанияси IPOга чиқиши керак бўлган 13 та йирик компания фаолиятини таҳлил қилгани қайд этилди.
"Uzbekistan Airways" мисолида йўналишлар оптимал танланмагани, рейслар орасидаги вақт узоқлиги ва кечикишлар кўплиги, кейтеринг ҳамда техник хизмат кўрсатиш соҳаларида рақобат йўқлиги сабабли 120 миллион доллар даромад бой берилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, келгуси 10 йилда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш учун 8 миллиард доллар талаб этилиши айтилди.
Айни пайтда тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш орқали даромадни ошириш бўйича етарлича иш олиб борилмаяпти. Жорий йилнинг биринчи ярмида электр энергияси йўқотишлари 17,2 фоизни ёки 4,8 миллиард киловатт-соатни ташкил этган.
Газ тармоғидаги йўқотишлар эса 7,6 фоизга, яъни 797 миллион куб метрга етган. Ҳудудий газ тармоқлари корхоналарида меҳнат унумдорлиги қўшни давлатларга нисбатан 1,5–2 баробар пастлиги қайд этилди.
"Franklin Templeton" таҳлилларига кўра, "Ҳудудий электр тармоқлари" компаниясининг бозор қийматини икки баробарга ошириш мумкин.
Шунингдек, "Uzbekistan Airways" бозор қийматини 40 фоизга, "Ўзбектелеком"никини эса 50 фоизга ошириш имконияти борлиги айтилди.






