АсосийСИËСАТ

Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди: Президент йил якунига қадарги устувор вазифаларни белгилаб берди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудуд ва тармоқларда ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ҳамда йил якунига қадар амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

'Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди: Президент йил якунига қадарги устувор вазифаларни белгилаб берди'ning rasmi

Йил бошидан буён Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. Саноатда 8 фоиз, хизматлар соҳасида 16,9 фоиз, қурилишда 13,8 фоиз ва қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш таъминланди. Инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт эса 14,4 миллиард долларга етди. Шунингдек, “Fitch” ва “Moody’s” халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини бир поғонага яхшилади.


Шу билан бирга, давлат раҳбари 40 миллиондан ортиқ аҳоли ҳаётини яхшилаш учун иқтисодий ўсиш суръатларини 9–10 фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади.
“Ҳар бир вазир ва ҳокимнинг иши одамларнинг яшаш маданиятида сезилмаса, тадбиркорларнинг оғирини енгил қилмаса, ҳар қандай натижа фақат қоғоздаги рақам бўлиб қолади”, деди Президент.


Йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг олти ойлик режалари ижроси танқидий таҳлил қилинди. Айрим ҳудудларда ялпи ҳудудий маҳсулот, қурилиш, инвестиция, саноат ва экспорт бўйича мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмагани қайд этилди. Ойлик, чораклик ва йиллик режаларни бажармаган раҳбарларга нисбатан масъулият кучайтирилиши белгиланди.


Маҳаллалардаги ишларни янги тизим асосида ташкил этиш мақсадида “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди. Ушбу даврда 2 мингта энг оғир маҳаллада ишларни янги ёндашув асосида йўлга қўйиш бошланди. Ҳокимлар мазкур маҳаллаларда электр энергияси, газ, йўл ва ичимлик суви билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга шахсан жавобгар бўлади.


Бандлик тизими эҳтиёжманд аҳолини касбга ўқитиш, ишга жойлаштириш ва даромадини оширишга йўналтирилади. Банклар ҳамда маҳалла уюшмалари фаолияти қайта кўриб чиқилиб, кейинги уч ой улар учун амалий аттестация даври бўлиши белгиланди.


Йиғилишда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, айни пайтда 51 та вазирлик ва идорада 322 та йўналиш бўйича молиявий жарима қўллаш ваколати мавжуд. 2024–2026 йилларда қарийб 3 триллион сўмлик жарима қўлланган.


Президент жазо қўлловчи идоралар тадбиркорни дарҳол жаримага тортиш эмас, аввал унга имконият бериш ва тўғри йўл кўрсатишни ўрганиши кераклигини таъкидлади. Барча вазирлик ва идораларга тизимдаги бюрократия, ортиқча жарима, тўлов ва йиғимларни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.


Саноат ва экспорт соҳасида ҳам айрим камчиликлар танқид қилинди. Натижа кўрсатмаган ҳокимлар фаолиятини кўриб чиқиш, тўққиз ой якунига қадар ижобий ўзгариш бўлмаса, масъул раҳбарларга нисбатан қатъий чора кўриш бўйича топшириқ берилди.
Стратегик корхоналар фаолияти таҳлилида айрим йирик корхоналарда маҳсулот таннархи ошгани, энергетика тармоқларида эса йўқотишлар юқорилиги қайд этилди. Йирик компанияларнинг бозор қийматини ошириш, уларни IPO жараёнларига тайёрлаш ва ташқи инвесторлар учун жозибадорлигини кучайтириш вазифаси қўйилди.


Солиқ тушумлари йил бошидан 27 фоизга кўпайиб, 130 триллион сўмдан ошган. Бироқ қўшимча тушумлар бўйича йиллик режанинг етарли даражада бажарилмаётгани танқид қилинди.


Ишламай турган корхоналар фаолиятини тиклаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди. Хусусан, айрим тўқимачилик корхоналарининг ишламаётгани оқибатида 5 триллион сўмлик маҳсулот ва 400 миллион долларлик экспорт имконияти бой берилаётгани айтилди.


Йил бошидан 57 та тармоқ ва 76 та ҳудудий корхона ишлаб чиқариш ҳажмини 11 триллион сўмга камайтиргани ҳам танқид қилинди. Масъулларга ишламаётган корхоналарни бирма-бир таҳлил қилиб, уларнинг фаолиятини тиклаш топширилди.


Янги хусусийлаштириш дастури доирасида 100 триллион сўмлик кўчмас мулк, ер майдонлари ва давлат улушларини савдога чиқариш, давлат активларини харид қилган тадбиркорлар учун тўлов шартларини енгиллаштириш белгиланди.
Сўнгги уч йилда 11 миллиард долларлик 509 та экспортбоп қувват ишга туширилган.

Бироқ уларнинг 208 таси ҳали экспортга чиқмаган. Ушбу корхоналар маҳсулотининг камида 30–40 фоизини ташқи бозорларга йўналтириш орқали қўшимча 1,5–2 миллиард доллар валюта тушумини таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.


47 та махсус иқтисодий зонанинг 29 тасида йил бошидан буён умуман экспорт амалга оширилмагани ҳам танқид қилинди. Экспортга чиқмаган корхоналар ва махсус иқтисодий зоналарда сертификат, айланма маблағ, бозор ва логистика билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал қилиш учун “тезкор бригадалар” ташкил этилади.


Маҳаллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Сўнгги икки йилда бу йўналишда 15,5 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилган. Бироқ ўз брендини рўйхатдан ўтказган маҳаллий корхоналарнинг учдан бири ҳали экспортга чиқмаган. Шу боис маҳаллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, уларни демпинг ва контрафакт маҳсулотлардан ҳимоя қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилади.


Ташқи савдо юкларининг 70 фоизи темир йўл орқали ташилаётгани, бироқ вагонлар етишмаслиги ва айрим темир йўл йўналишларида юкламалар юқорилиги логистикада қийинчиликлар келтириб чиқараётгани айтилди.

Масъулларга қўшимча вагонларни жалб қилиш ҳамда темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун Жаҳон банкидан 200 миллион доллар маблағ жалб этиш бўйича келишувга эришиш топширилди.


Олий даражадаги ташрифлар давомида эришилган келишувлар ижроси ҳам кўриб чиқилди. Сўнгги йилларда 52 та ташриф давомида 213 миллиард долларлик 1 минг 617 та инвестиция лойиҳаси бўйича келишувларга эришилган. Энди ушбу “йўл хариталари” ижроси Ҳисоб палатаси ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қатъий назорат қилинади.

Инфляцияни жиловлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Гўшт нархи ошиши муносабати билан импорт гўштни самолётда ташиш харажатларини қоплаш учун 300 миллиард сўм ажратилгани айтилди.


Чорвачилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча маблағлар йўналтирилади. Йил якунига қадар хориждан 100 минг бош қорамол ва 150 минг бош қўй-эчки олиб келиш вазифаси қўйилди.


Шунингдек, мева-сабзавот ва картошка захирасини шакллантириш, совиткичли омборлар қуриш бўйича ҳам топшириқлар берилди. Йил якунига қадар 87 минг тонна сиғимга эга 340 та совиткичли омборни ишга тушириш белгиланди.


Давлат раҳбари глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар қанча давом этишини ҳеч ким олдиндан айта олмаслигини таъкидлади. Асосий ҳамкор давлатларда иқтисодий фаолликнинг секинлашиши маҳаллий корхоналар, айниқса, экспортчиларга таъсир қилиши мумкинлиги қайд этилди.


Шу сабабли барча раҳбарлар ҳар қандай хавф-хатарни ҳисобга олган ҳолда мавжуд захираларни сафарбар қилишга тайёр бўлиши кераклиги таъкидланди. Тармоқ ва ҳудудларга бириктирилган “ақл марказлари” билан биргаликда 15 августга қадар илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқилади.


Ушбу таклифлар “ресурс – инфратузилма – лойиҳа – ишлаб чиқариш – бюджетга тушум – экспорт” занжирини ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантиришга қаратилган бўлади. 2027 йил учун макроиқтисодий параметрлар, бюджет, инвестиция ва экспорт дастурлари “сафарбарлик сценарийси” асосида тайёрланади.


Йиғилишда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг ҳисоботлари, шунингдек, белгиланган топшириқлар ижросини жойларда ташкил этиш бўйича режалари тингланди.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди: Президент йил якунига қадарги устувор вазифаларни белгилаб берди - Darakchi.uz