АсосийЖАМИЯТ

Венесуэлада ҳантавирус юқтиргани тасдиқланган 3 киши вафот этди

Инфекция, одатда, ёпиқ жойларда кемирувчиларнинг сийдиги, ахлати ёки сўлаги заррачаларини нафас орқали ютиш натижасида юқиши мумкин.

'Венесуэлада ҳантавирус юқтиргани тасдиқланган 3 киши вафот этди'ning rasmi

Венесуэланинг шарқий қисмида жойлашган Ансоатеги штатида ҳантавирус юқтиргани тасдиқланган 3 киши вафот этди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Вазирликнинг 21 июль куни тарқатган баёнотига кўра, Баринас штатида вафот этган яна 2 нафар тиббиёт ходимининг ўлими Ансоатеги штатидаги ҳолатлар билан боғлиқ эмас. Уларнинг ўлим сабаблари ҳозирда текширилмоқда.

Қайд этилишича, ҳар икки ҳолат ҳам алоҳида воқеалар бўлиб, жамоат саломатлигига хавф туғдирмайди.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳантавирус асосан қишлоқ ва қишлоқ хўжалиги ҳудудларида яшовчи кемирувчилар орқали юқади. Инфекция, одатда, ёпиқ жойларда кемирувчиларнинг сийдиги, ахлати ёки сўлаги заррачаларини нафас орқали ютиш натижасида юқиши мумкин.

"Мамлакатимизда ҳантавируснинг одамдан одамга юқиши бўйича илмий далиллар мавжуд эмас", дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) круиз кемаси билан боғлиқ ҳантавирус авж олишига қарши чоралар якунланганини маълум қилган эди. Ушбу ҳолатда 3 киши вафот этган.

CDC маълумотига кўра, мазкур авж олиш ҳолатида аниқланган Анд ҳантавируси одамдан одамга яқин ва узоқ муддатли мулоқот орқали юқиши мумкин бўлган ягона маълум ҳантавирус ҳисобланади.

    Бошқа янгиликлар

    Венесуэлада ҳантавирус юқтиргани тасдиқланган 3 киши вафот этди - Darakchi.uz