АсосийДУНË

Трамп Саудия Арабистони билан ядро энергетикаси бўйича 30 йиллик келишувни маъқуллади

Мутахассисларнинг таъкидлашича, уранни бойитиш технологияси атом электр станциялари учун ёқилғи ишлаб чиқаришда қўлланилади.

'Трамп Саудия Арабистони билан ядро энергетикаси бўйича 30 йиллик келишувни маъқуллади'ning rasmi

АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонига фуқаролик мақсадларидаги ядро дастурини ривожлантириш имконини берувчи 30 йиллик ҳамкорлик келишувини маъқуллади. Мазкур битим қиролликка уранни бойитиш имкониятини ҳам бериши мумкинлиги сабабли халқаро ҳамжамиятда хавотир уйғотмоқда. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.

Манбаларга кўра, келишув яқин кунларда расман эълон қилиниши кутилмоқда. Ҳужжат АҚШ компанияларининг Саудия Арабистонида ядро энергетикаси дастурини ривожлантиришда иштирок этишини назарда тутади.

Шунингдек, икки давлат қўшма тадқиқот ўтказганидан сўнг Саудия Арабистони ҳудудида уранни бойитиш иншооти қурилиши ҳам мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, уранни бойитиш технологияси атом электр станциялари учун ёқилғи ишлаб чиқаришда қўлланилади. Бироқ мазкур технология ядро қуроли яратиш йўлидаги муҳим босқичлардан бири ҳам ҳисобланади.

Шу боис АҚШдаги қуролсизланиш тарафдорлари ва айрим қонунчилар келишув Яқин Шарқда ядровий қуролланиш пойгасини кучайтириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Хабарларга кўра, битимда АҚШнинг бошқа давлатлар билан аввал тузган ядровий келишувларидаги айрим қатъий чекловлар мавжуд эмас. Жумладан, Саудия Арабистони уранни бойитиш ва ядро ёқилғисини қайта ишлашдан воз кечишини кафолатловчи "олтин стандарт" талаби ҳамда МАГАТЭнинг Қўшимча протоколи ҳужжатга киритилмаган.

Шу сабабли келишув АҚШ Конгрессида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлиши кутилмоқда.

Саудия Арабистони узоқ йиллардан буён фуқаролик мақсадларидаги ядро энергетикаси дастурини йўлга қўйишга ҳаракат қилиб келмоқда. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон аввалроқ Эрон ядровий қуролга эга бўлса, Саудия Арабистони ҳам шундай имкониятни қўлга киритишга ҳаракат қилишини билдирган.

Трамп маъмурияти эса мазкур келишув АҚШнинг иқтисодий ва стратегик манфаатларига хизмат қилишини таъкидламоқда.

    Бошқа янгиликлар