Бухоро вилоятида қиймати қарийб 3,5 миллиард сўмлик автомобиль эҳтиёт қисмларини божхона назоратидан яширган ҳолда Ўзбекистонга олиб киришга уриниш фош этилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти божхона бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат вилоят божхона бошқармасига қарашли "Олот" чегара божхона пости ходимлари томонидан аниқланган.
Хориждан импорт тартибида олиб кирилган юк "Хавфни бошқариш" автоматлаштирилган тизими орқали "сариқ" йўлакка йўналтирилган. Бироқ юкнинг рентген тасвири ҳамда кузатув ҳужжатларидаги маълумотлар божхона ходимларида шубҳа уйғотган.
Шундан сўнг ўтказилган божхона кўриги давомида юк ҳужжатларида кўрсатилмаган 3 тоннадан ортиқ автомобиль эҳтиёт қисмлари борлиги аниқланган.
Ҳисоб-китобларга кўра, декларация қилинмаган товарларнинг умумий қиймати қарийб 3 миллиард 500 миллион сўмни ташкил этган.
Айни пайтда мазкур товарлар вақтинча сақловга олинган. Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






