Буюк Британия иммиграция тизимини тўлиқ рақамлаштириб, жисмоний иммиграция ҳужжатлари ўрнига электрон виза — E-Visa тизимини жорий қилди. Энди мамлакатга кириш ёки унда қолиш ҳуқуқини тасдиқловчи маълумотлар рақамли шаклда сақланади. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукумати хабар берди.
Ҳукумат маълумотларига кўра, электрон виза иммиграция мақомини тасдиқлаш жараёнини соддалаштиради. Шунингдек, ҳужжатларнинг йўқолиши, ўғирланиши ёки қалбакилаштирилишининг олди олинади. Виза аризаси маъқулланганидан сўнг жисмоний иммиграция ҳужжатини кутиш ёки олиб кетишга ҳам ҳожат қолмайди.
Бироқ айрим ҳолатларда ариза топширувчидан биометрик маълумотларни шахсан топшириш талаб қилиниши мумкин.
Виза олган шахслар Буюк Британияга сафар қилишдан аввал Буюк Британия Виза ва иммиграция бошқармасининг шахсий онлайн кабинетига кириб, электрон визаси ва иммиграция рухсатини текшириши керак бўлади.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 июлдан бошлаб Буюк Британия янги виза олувчиларга паспортга ёпиштириладиган visa vignette — виза стикерларини беришни тўхтатган. Энди янги ариза топширувчиларга фақат электрон виза расмийлаштирилади.
Шунингдек, ариза топширувчи паспортини виза ариза марказига топширган бўлса, ҳужжат ариза кўриб чиқилаётган вақтда унга қайтарилади. Виза маъқулланган тақдирда эса шахс сафардан олдин электрон визасининг Буюк Британия Виза ва иммиграция бошқармасидаги шахсий ҳисобида акс этганини текшириши лозим.






