Россиянинг Wildberries компанияси Украина дрон ҳужумларидан зарар кўрган кичик бизнес субъектларига компенсация тўлашни бошлади. Ўрта ва йирик сотувчилар учун ҳам алоҳида қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда компания бош директори Татьяна Ким маълум қилди.
Унинг айтишича, Электросталдаги омборда товарлари сақланган қарийб 88 минг кичик тадбиркор молиявий ёрдамнинг дастлабки чораларини олади.
"Тадбиркорларимизнинг энг кичик ва энг ҳимоясиз қатлами — товарлари Электростал омборига жойлаштирилган қарийб 88 минг киши бугун молиявий қўллаб-қувватлашнинг дастлабки чораларини олади ёки бу маблағлар уларнинг шахсий ҳисобида акс этганини кўради", — деди Татьяна Ким.
Ўрта ва йирик сотувчилар учун эса "сотув симулятори" деб номланган алоҳида механизм ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, тадбиркорларга товарлари омбордан худди сотилгандек, бир хил нарх ва чегирмалар асосида тўловлар амалга оширилади.
Татьяна Ким Wildberries офертасида компанияни ҳужумлар ва дронлар билан боғлиқ хатарлар туфайли юзага келган зарар учун жавобгарликдан озод қилувчи банд мавжудлигини айтган. Бироқ у компания сотувчиларни қийин вазиятда ташлаб қўймаслигини таъкидлаган.
Wildberries омборларига ҳужумлар
Маълум қилинишича, Wildberries'нинг Котовск ва Электросталдаги омборларига биринчи дрон ҳужумлари 18 июль куни содир бўлган. Кейинчалик компаниянинг Краснодар ва Невиномисскдаги омборлари ҳам ҳужумларга учраган.
Россия Тергов қўмитаси мазкур ҳужумларни террорчилик ҳаракати сифатида баҳолаган. Ҳужумлар оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳатланган.
Data Insight таҳлилчиси Сергей Семконинг ҳисоб-китобларига кўра, Тамбов ва Москва вилоятларидаги омборларда содир бўлган ёнғинлар камида 150 миллиард рубллик товарларни йўқ қилган бўлиши мумкин. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, умумий зарар миқдори янада юқори бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Шу билан бирга, Украина Президенти Владимир Зеленский Wildberries омборларига қилинган ҳужумларни у ерларда дронлар ва навигация ускуналари учун эҳтиёт қисмлар сақлангани билан изоҳлаган.
Компания омборларида сақланган товарларнинг катта қисми кредит маблағлари ҳисобидан харид қилингани айтилмоқда. Шу боис ҳужумлардан кейин тадбиркорларнинг солиқ ва етказиб берувчилар олдидаги мажбуриятлари ҳам сақланиб қолган.






