OpenAI компаниясининг иккита сунъий интеллект модели, жумладан GPT-5.6 Sol ва ҳали оммага тақдим этилмаган янада кучлироқ модель, ички синовлар давомида сунъий интеллект платформаси Hugging Face инфратузилмасига ҳужум қилган. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа OpenAI’нинг киберхавфсизлик қобилиятларини текширишга қаратилган ички синовлари вақтида содир бўлган. Моделлар хавфсизлик мақсадида чекланган муҳитда ишлаган. Бироқ улар ушбу муҳитдан чиқиш йўлини топиб, интернетга уланган.
Шундан сўнг сунъий интеллект агентлари тест топшириғини бажариш учун дунёдаги энг йирик сунъий интеллект платформаларидан бири бўлган Hugging Face’га ҳужум қилган. Мазкур платформада ишлаб чиқувчилар тайёр нейротармоқлар, маълумотлар тўпламлари, тестлар ва бошқа материаллар билан бўлишади.
OpenAI маълумотларига кўра, моделлар бир нечта заифликларни занжирли тарзда бирлаштирган, ўғирланган маълумотлардан фойдаланган ва охир-оқибат Hugging Face’нинг ишлаб турган инфратузилмасига кириш имкониятига эга бўлган. Улар тест топшириғига жавоб топиш учун платформадаги маълумотларга киришга уринган.
OpenAI ва Hugging Face жамоалари шубҳали фаолликни аниқлаб, ҳужумни тўхтатган. OpenAI ушбу воқеани “мисли кўрилмаган киберҳодиса” деб атаган ва келгусидаги синовлар ҳамда моделларни ишлаб чиқиш жараёнларида ҳимоя механизмларини кучайтиришини маълум қилган.
Hugging Face ҳаммуассиси ва бош директори Клеман Деланг компания OpenAI томонидан қасддан қилинган ёвуз ниятни кўрмаётганини айтган.
“Биз OpenAI томонидан ҳеч қандай ғаразли ният бўлмаганига қатъий ишонамиз. Буларнинг барчаси автоном тарзда содир бўлгани шунчаки ҳайратланарли”, — деган у.
Мазкур воқеа сунъий интеллект моделларининг мустақил равишда мураккаб кибероперацияларни амалга ошириш қобилияти тобора ортиб бораётгани ҳақидаги хавотирларни янада кучайтирди.






