Бугун, 25 июль куни олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида қатнашган абитуриентлар учун олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишини танлаш жараёни бошланди.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълум қилишича, танлов жараёни 8 августга қадар давом этади ва "аввал тест, сўнг танлов" тамойили асосида амалга оширилади.
Абитуриентлар тестда топширган фанлар мажмуаси ҳамда таълим тилига мос равишда 5 тагача олий таълим ташкилоти ва бакалавриат йўналишини танлаши мумкин. Шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича кундузги, кечки ёки масофавий таълим шаклини белгилаш имконияти мавжуд.
Танловни бир ОТМ доирасида ҳам, турли олий таълим муассасалари кесимида ҳам амалга ошириш мумкин.
ОТМ ва таълим йўналишини танлаш учун абитуриентлар my.uzbmb.uz платформасига кириб, "Олий ва касбий таълим ташкилотларига қабул" бўлими орқали тегишли хизматдан фойдаланиши керак.
Жараён давомида танлов устуворлиги белгиланади, мавжуд бўлса, мақсадли қабул бўйича ҳам йўналиш танланади. Кейин фанлар мажмуасига мос таълим йўналишлари ва таълим шакллари белгиланиб, маълумотлар сақланади.
Танлов якунида абитуриент телефон рақамига юборилган SMS-код орқали маълумотларни тасдиқлайди ва "Абитуриент қайд варақаси" шаклланади. Агентлик ушбу ҳужжатни юклаб олиб, сақлаб қўйишни тавсия қилган.
Абитуриентлар киритилган маълумотларни 8 августга қадар исталган вақтда ўзгартириши мумкин. Белгиланган муддат тугагач, танлов маълумотларига ўзгартиш киритиш имкони бўлмайди.






