АсосийЖАМИЯТ

Ерни "ҳал қилиб бериш" учун доллар олганлар ушланди

Маълум қилинишича, Давлат кадастрлари палатасининг Бухоро вилояти бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаронинг ишончини суиистеъмол қилган.

'Ерни "ҳал қилиб бериш" учун доллар олганлар ушланди'ning rasmi

Ўзбекистонда ер майдонларини расмийлаштириш билан боғлиқ коррупция ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Давлат кадастрлари палатасининг Бухоро вилояти бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаронинг ишончини суиистеъмол қилган.

У Ромитан тумани ҳокимлиги захирасидаги 65 квадрат метр ер майдонида 2015 йилда ўзбошимчалик билан қурилган савдо ва хизмат кўрсатиш биноси ҳамда унга туташ 35 квадрат метр бўш ер участкасини фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 2,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг Кўкдала тумани бўлими бош мутахассиси ҳам коррупцион ҳолатда қўлга тушган.

У 1964 йилда туғилган фуқарога 2019 йилда Чироқчи тумани ҳокими қарори асосида ажратилган 1 сотих ер майдони бўйича кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, давлат рўйхатидан ўтказиб беришни ваъда қилган. Бунинг учун у Кадастрлар палатаси тизимидаги танишлари орқали масалани ҳал қилиб беришини айтиб, 1 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Мазкур шахс ҳам Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир вақтида келишилган пулни олаётган пайтда ушланган.

Қайд этилишича, ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Ерни "ҳал қилиб бериш" учун доллар олганлар ушланди - Darakchi.uz