Тегишли фармойишлар 27 июль куни имзоланиб, Россиянинг расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди. Ҳужжатлар Қозоғистон билан 2013 йил 24 декабрда имзоланган ҳамда Ўзбекистон билан 2016 йил 29 ноябрда тузилган ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битимларга тааллуқли. Бу ҳақда The Insider нашри хабар қилди.
Нашр маълумотларига кўра, амалдаги келишувлар Россия қурол-яроғини сотиш билан чекланмай, ҳарбий аҳамиятга эга маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни ҳам тартибга солади. Улар қаторига қурол-яроғ ва ҳарбий техника, ҳарбий-техник ахборот, технологиялар, интеллектуал фаолият натижалари, конструкторлик ва технологик ҳужжатлар, шунингдек, тегишли хизматлар киради.
Битимларда қурол-яроғни таъмирлаш ва модернизация қилиш, қўшма илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш каби йўналишлар ҳам назарда тутилган.
Ҳар икки мамлакат билан ҳам ҳарбий маҳсулотларни етказиб бериш ваколатли ташкилотлар ўртасида тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади. Маҳсулотларни импорт ва экспорт қилиш эса томонларнинг ваколатли давлат органлари тасдиқлайдиган рўйхатлар асосида бажарилади. Шу боис мазкур битимлар қурол-яроғ, бутловчи қисмлар ва уларга оид хизматларни нафақат Россиядан Ўзбекистон ва Қозоғистонга, балки тескари йўналишда ҳам етказиб бериш имконини беради.
The Insider таъкидлашича, Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан кейин жорий этилган халқаро санкциялар шароитида ушбу келишувларни қайта кўриб чиқишга тайёргарлик кўрмоқда.
Европа Иттифоқи Россияга қурол-яроғ, ҳарбий маҳсулотлар ва икки хил мақсадда фойдаланилиши мумкин бўлган товарларни, жумладан, электрон ва оптик компонентлар, двигателлар ҳамда дронлар учун эҳтиёт қисмларни экспорт қилишни тақиқлаган. АҚШ ҳам Россия ҳарбий саноатига ёрдам бериши мумкин бўлган технологиялар, дастурий таъминот ва ускуналарни етказиб бериш ҳамда қайта экспорт қилишга чекловлар ўрнатган.
Шунингдек, АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Япония Россия ҳарбий саноати учун муҳим ҳисобланган 50 тоифадаги товарлар рўйхатини шакллантирган. Ундан микросхемалар, радионавигация ускуналари, конденсаторлар, оптик асбоблар, подшипниклар, учиш аппаратлари учун эҳтиёт қисмлар ва сонли дастурий бошқарувга эга станоклар ўрин олган. Ғарб давлатлари мазкур маҳсулотлар санкцияларга қўшилмаган мамлакатлар орқали Россияга етказиб берилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.






