Қорақалпоғистонда фермерлар ва агро-тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорга олиб чиқишга қаратилган махсус акселератор дастури йўлга қўйилмоқда.
Мазкур ташаббус Абу-Даби тараққиёт жамғармаси (ADFD) томонидан молиялаштирилаётган “Қорақалпоғистоннинг деградацияга учраган ҳудудларида барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида амалга оширилади.
Дастур Бирлашган Араб Амирликларидаги Шўрланган тупроқ шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
3 августдан бошланадиган ўқув машғулотлари бир ой давомида Нукус Ёшлар технопаркида ўтказилади. Унда иштирокчилар юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар яратиш, замонавий бизнес юритиш, маҳсулотларни тижоратлаштириш ва янги бозорларга чиқиш бўйича амалий билимларга эга бўлади.
Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистондан жами 200 нафар фермер ва агро-тадбиркорни қамраб олиш режалаштирилган.
Фермерларни қўллаб-қувватлаш янги босқичга олиб чиқилади
ICBA директори доктор Тарифа Алзаабининг таъкидлашича, мазкур акселератор дастури Қорақалпоғистонда амалга оширилган лойиҳалар давомида тўпланган тажриба ва эришилган натижалар асосида ишлаб чиқилган.
“Лойиҳалар самарасини таҳлил қилиш жараёнида фермерларни қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини кўрдик. Дастур орқали иштирокчилар замонавий билим ва амалий кўникмаларни эгаллайди ҳамда уларни ўз фаолиятида самарали қўллаш имкониятига эга бўлади”, — деди у.
Унинг сўзларига кўра, дастурнинг асосий мақсади фермер ва агро-тадбиркорларга зарур билим ва кўникмаларни бериш орқали уларнинг рақобатбардош тадбиркор сифатида шаклланишига ёрдам беришдан иборат.
“Даладан дастурхонгача” ёндашуви асосида қиймат занжири яратилади
ICBA раҳбари фермерларни нафақат маҳсулот етиштириш босқичида, балки бутун қиймат занжири бўйлаб қўллаб-қувватлаш муҳим эканини қайд этди.
“Биз фермерларни маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш, бозорга чиқариш ва истеъмолчига етказиб беришгача бўлган барча жараёнларда қўллаб-қувватлашга интиламиз. Бу “Farm to Fork” — “даладан дастурхонгача” ёндашувидир”, — деди Тарифа Алзааби.
Унинг айтишича, дастур доирасида фермерларга уруғ экиш ва тупроқни тайёрлашдан бошлаб, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ҳамда сотув бозорларини топишгача бўлган жараёнлар бўйича билимлар берилади.
Шўрга чидамли экинлар янги имкониятлар яратади
Тарифа Алзааби Қорақалпоғистон шароитида иқлимга мослашган ва чидамли экинларни етиштириш муҳим йўналишлардан бири эканини таъкидлади.
“Орол денгизи инқирози ва иқлим ўзгариши шароитида иқлимга чидамли экинларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Биз Қорақалпоғистон фермерларига қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли экинларни жорий этдик. Бу сув ва бошқа табиий ресурслардан самарали фойдаланиш имконини беради”, — деди ICBA директори.
Унинг қайд этишича, бундай экинлар нафақат қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширади, балки ҳудуд экотизими учун ҳам қўшимча имкониятлар яратади.
Акселератор дастури якунида яратилган маҳсулотларни бозорга олиб чиқиш, уларни тижоратлаштириш ва қўшимча қиймат занжирини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Ташкилотчилар мазкур ташаббус Қорақалпоғистонда инновацион ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фермерлар ҳамда агро-тадбиркорларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилишини билдирган.






