Гонконг суди турар жой мажмуасидаги собиқ қўриқчини мушукни пластик пакетга солиб, ахлат қутисига ташлагани учун ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш айби билан 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Суд унинг ҳаракати ҳайвоннинг чиқиндихонада нобуд бўлишига сабаб бўлган, деган хулосага келди.
Маълум бўлишича, 62 ёшли Чоу Винг-лок ўтган йил 6 август куни Гонконгнинг Нгау Тау Кок ҳудудида жойлашган Ли Ки биносида тунги навбатчи сифатида ишлаган. Ўша куни бино аҳолисидан бири хонадонга кириб қолган мушук ҳақида хавфсизлик хизматига мурожаат қилган.
Тергов давомида ўрганилган кузатув камералари ёзувларида қўриқчи қора пластик пакет билан хонадонга кириб, орадан кўп ўтмай тугилган пакетни кўтариб чиққани акс этган. Кейинчалик у пакетни ахлат қутисига ташлагани маълум бўлган. Ахлат олиб кетилгани сабабли мушукни топишнинг иложи бўлмаган.
Чоу Винг-лок полицияга мушукни топган вақтида у ҳаракатсиз ётганини айтган. Бироқ суд унинг ҳайвоннинг аҳволини текширмагани, эгасини аниқлашга уринмагани ва мушукни шошилинч равишда чиқинди сифатида ташлаб юборганини оғир эътиборсизлик сифатида баҳолади.
Судья ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат жамият томонидан мутлақо қабул қилинмаслигини таъкидлаб, айбланувчига 4 ойлик қамоқ жазоси тайинлади.






