Кеча, 29 июль куни Туркиянинг Муғла, Анталия, Баликесир ва Чаноққалъа вилоятларида бир вақтнинг ўзида юзага келган ўрмон ёнғинлари оқибатида юзлаб фуқаролар эвакуация қилинди, автомобиль йўллари ёпилди ва бир қатор ижтимоий объектлардан одамлар хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.
Муғла вилоятининг Сейдикемер туманида қишлоқ хўжалиги ерларида бошланган ёнғин қисқа вақт ичида ўрмон ҳудудига тарқалган. Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, ёнғинни бартараф этиш ишларига 835 нафар қутқарувчи, 5 та самолёт, 18 та вертолёт, 93 та ёнғин ўчириш техникаси ҳамда бошқа махсус воситалар жалб қилинган.
Ёнғин хавфи туфайли 121 та хонадонда яшовчи 202 нафар фуқаро ҳамда Сейдикемер давлат шифохонаси эвакуация қилинди. Шифохонада даволанаётган 45 нафар бемор Фетҳия шаҳридаги тиббиёт муассасаларига кўчирилди. Шунингдек, ҳудудда электр таъминоти вақтинча тўхтатилди, Сейдикемер–Анталия автомобиль йўли эса транспорт ҳаракати учун ёпилди.
Баликесир вилоятининг Эдремит туманидаги Алтинолук маҳалласида, қадимий Антандрос шаҳри яқинида чиққан ёнғин аҳоли яшаш пунктларига яқинлашган. Шу сабабли айрим ёзги уйлардан аҳоли эҳтиёт чораси сифатида эвакуация қилинмоқда. Шунингдек, Айвалик ва Ҳавран туманларида ҳам янги ёнғинлар қайд этилган.
Анталия вилоятининг Кумлужа туманидаги Язир маҳалласида юзага келган ёнғин кучли шамол таъсирида тез тарқалган. Натижада Анталия–Кумлужа йўналишидаги D-400 автомобиль йўли икки томонлама ёпилган. Маҳаллий ҳоким Баҳодир Гүнешнинг маълум қилишича, маҳалладаги аҳоли босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчирилмоқда. Сайёҳлар ҳам жандармерия кузатувида эвакуация қилинган.
Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги Анталия вилоятининг Каш ҳамда Айдин вилоятининг Назилли туманидаги ёнғинлар назорат остига олинаётганини маълум қилди. Бироқ Муғланинг Сейдикемер, Анталиянинг Кумлужа, Баликесирнинг Эдремит ва Гўмеч туманларида ёнғинларни ўчириш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.
Шунингдек, Чаноққалъа вилоятининг Айважик тумани ва вилоят марказига яқин Сарижаэли қишлоғида ҳам ўрмон ёнғинлари содир бўлган. Айважикда ёнғинни ўчириш ишларига 5 та вертолёт ва ўнлаб махсус техникалар жалб этилган. Сарижаэли қишлоғида эса ёнғин хавфи сабаб хусусий қариялар парвариш маркази тўлиқ эвакуация қилинган.






