Кениянинг дунёга машҳур Амбосели миллий боғида сўнгги бир ой ичида 15 та филнинг сирли тарзда нобуд бўлиши ортидан мутахассислар эҳтимолий заҳарланиш ҳолатини текширишга киришди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳалок бўлган филларнинг 10 тасида ўлимидан аввал қисман фалажланиш аломатлари кузатилган. Қолган бешта филнинг жасади эса қаттиқ чиригани ёки ёввойи ҳайвонлар томонидан шикастлангани сабабли уларнинг аниқ ўлим сабабини белгилаш имкони бўлмаган.
Қайд этилишича, нобуд бўлган ҳайвонларнинг аксарияти урғочи филлар ва уларнинг болалари бўлган. Улар орасида атиги битта эркак фил қайд этилган. Ҳолатлар Амбосели миллий боғига туташ Кимана қўриқхонаси ҳамда Куку ранчоси ҳудудида рўй берган.
Дастлабки лаборатория таҳлилларида филлардан олинган намуналарда “эҳтимолий заҳарли модда” излари аниқланган. Бироқ давлат лабораторияси томонидан ўтказилган қўшимча текширувларда ҳозиргача маълум бўлган заҳарли моддалар бўйича ижобий натижа қайд этилмаган.
Кения Ёввойи табиат хизмати мутахассислари филлар умумий манбадан заҳарланган ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида атроф-муҳитни ҳам ўрганмоқда. Хусусан, сув манбалари, тупроқ ва бошқа эҳтимолий ифлослантирувчи омиллар текширилмоқда.
Маълумотларга кўра, Кенияда аввал ҳам браконьерлик ҳамда инсон ва ёввойи табиат ўртасидаги можаролар оқибатида филларни қасддан заҳарлаш ҳолатлари кузатилган.
Расмийлар ҳозирча ушбу ҳодиса инсонлар саломатлиги учун хавф туғдираётганини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмаслигини билдириб, аҳолини хавотирга тушмасликка чақирди.
Маълумот учун, Амбосели миллий боғи улкан филлар подаси ва Килиманжаро тоғи манзараси билан машҳур сайёҳлик масканларидан бири ҳисобланади. Мутахассислар ҳисобича, боғ ҳудудида қарийб икки минг бош фил яшайди.






