АсосийЖИНОЯТ

Қашқадарёда электр тармоғига ноқонуний уланишлар фош этилди

Қашқадарёда фермер хўжалиги 2,2 миллиард сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган.

'Қашқадарёда электр тармоғига ноқонуний уланишлар фош этилди'ning rasmi

Қашқадарё вилоятида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ учта ҳолат аниқланиб, давлат манфаатларига қарийб 3 миллиард сўм зарар етказилгани маълум бўлди.

Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси маълум қилинишича, Бош прокуратура штаби томонидан Қамаши туманида ўтказилган текширувда "А. Ж." фермер хўжалигига қарашли сув насослари электр тармоғига ҳисоблагични четлаб улангани аниқланган. Бунинг оқибатида 2 миллиард 272 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.

Шунингдек, Касби туманидаги фуқарога тегишли сув насосларида ҳам худди шундай қоидабузарлик аниқланиб, давлатга 572 миллион сўм зарар етказилгани ҳисоблаб чиқилган.

Бундан ташқари, Шаҳрисабз туманидаги бир корхонада электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолати фош этилди. Ушбу ҳолат бўйича электр таъминоти корхонасига етказилган 113 миллион сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда чоралар кўрилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Қашқадарёда электр тармоғига ноқонуний уланишлар фош этилди - Darakchi.uz