Ўзбекистонда аҳоли ва сайёҳлар учун хизмат кўрсатаётган ҳайвонот боғлари сони 7 тани ташкил этмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра ҳайвонот боғлари Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган.
Қайд этилишича, мазкур ҳайвонот боғларида жами 744 турдаги ҳайвонлар сақланмоқда. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 107 тага ёки 12,6 фоизга камайган.
Шу билан бирга, ҳайвонот боғларига қизиқиш ортиб бормоқда. 2025 йил давомида ушбу масканларга ташриф буюрганлар сони қарийб 1,5 миллион нафарни ташкил этган. Бу 2024 йилга нисбатан 233,4 минг нафарга ёки 18,9 фоизга кўпдир.
Статистикага кўра, ўтган йили ҳар 10 минг нафар аҳолига тўғри келадиган ҳайвонот боғларига ташрифлар сони 387 тани ташкил қилган.
Мутахассислар фикрича, ҳайвонот боғлари нафақат дам олиш маскани, балки ёш авлодда табиат ва ҳайвонот оламига меҳр уйғотиш, экологик маданиятни оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.






