АсосийДУНË

АҚШ айрим хорижликлар учун виза олишда 20 минг долларгача гаров талаб қилади

Давлатлар рўйхатига жами 50 та мамлакат киритилган бўлиб, рўйхатда Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлар ҳам бор. Ўзбекистон эса мазкур рўйхатга киритилмаган.

'АҚШ айрим хорижликлар учун виза олишда 20 минг долларгача гаров талаб қилади'ning rasmi

АҚШ 3 августдан бошлаб айрим хорижий фуқаролар учун туристик ва бизнес визаларига ариза топшириш жараёнида 20 минг долларгача миқдорда гаров талаб қилиш тизимини доимий равишда қўллашни бошлайди.

АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, ушбу талаб мамлакатда бўлиш муддатини бузиш хавфи юқори деб баҳоланган давлат фуқароларига нисбатан қўлланади.

Аввалроқ, 2025 йил август ойида АҚШ визасиз қолиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тажриба тариқасида гаров дастурини ишга туширган эди. Ушбу дастур доирасида консуллик ходимлари аризачидан 5 минг, 10 минг ёки 15 минг доллар миқдорида гаров талаб қилиши мумкин бўлган. Гаров маблағи эса шахс АҚШ ҳудудини белгиланган тартибда тарк этганидан сўнг қайтарилган.

Янги тартибга кўра, B-1 (бизнес) ва B-2 (туристик) визаларини олиш учун мурожаат қилган айрим хорижликлардан мамлакатдаги иммиграция қоидаларига риоя қилиш ва белгиланган муддатда чиқиб кетиш кафолати сифатида гаров қўйиш талаб қилиниши мумкин.

Давлат департаменти маълум қилишича, консуллик ходимлари ўз қарорига кўра виза бериш шарти сифатида 20 минг долларгача бўлган гаровни белгилаши мумкин.

Гаров талаб қилиниши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига жами 50 та мамлакат киритилган. Уларнинг 30 таси Африка давлатлари бўлиб, рўйхатда Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлар ҳам бор.

Ўзбекистон фуқаролари эса мазкур рўйхатга киритилмаган.

    Бошқа янгиликлар

    АҚШ айрим хорижликлар учун виза олишда 20 минг долларгача гаров талаб қилади - Darakchi.uz