УЕФА ФИФА президенти Жанни Инфантинони лавозимидан четлатишни мақсад қилган. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар берди.
Манбага кўра, агар Инфантино ихтиёрий равишда истеъфога чиқмаса, УЕФАга аъзо бўлган барча 55 мамлакат унга нисбатан ишончсизлик вотумини қўллаб-қувватлаши мумкин. Бундай жараённи бошлаш учун эса камида 43 аъзо давлатнинг розилиги етарли ҳисобланади.
Хабарда айтилишича, УЕФА Инфантинонинг обрўсига путур етказишга қаратилган режани ҳам кўриб чиқмоқда.
Қизиғи шундаки, ФИФАнинг собиқ президенти Зепп Блаттер билан боғлиқ коррупция можароси даврида Инфантинонинг ўзи УЕФАни ФИФАдан ажратиб, муқобил жаҳон футбол ташкилотини тузиш бўйича махфий лойиҳа ишлаб чиққан. Ушбу режа ўша вақтда амалга ошмаган бўлса-да, энди УЕФА унга қарши шунга ўхшаш чораларни қўллаш эҳтимолини муҳокама қилмоқда.
1 август куни УЕФА ФИФА раҳбариятига нисбатан ишончсизлик билдирган эди. Бунга ФИФАнинг Жаҳон чемпионати ва бошқа мусобақаларга бўлган ҳуқуқлар улушини хусусий инвесторларга сотиш режаси сабаб бўлган. Бу ташаббус кескин танқидларга учрагач, ФИФА уни бекор қилишини маълум қилди.






