АсосийЖАМИЯТ

Японияда виза муддатини бузган икки нафар ўзбекистонлик депортация қилинди

Элчихона фуқароларни виза қоидаларига риоя қилиш ва ноқонуний ишлаш билан боғлиқ таклифлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

'Японияда виза муддатини бузган икки нафар ўзбекистонлик депортация қилинди'ning rasmi

Япония Иммиграция хизмати агентлиги мамлакатда ноқонуний бўлиб турган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳар икки фуқаро Японияга қисқа муддатли виза билан борган. Бироқ виза муддати тугагач ҳам мамлакатни тарк этмаган. Кейинчалик улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланиб, депортация қилинган.

Элчихонага кўра, Японияда ноқонуний бўлиш ёки рухсатсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиш аниқланса, қоидабузарлар ушланади, иммиграция марказига жойлаштирилади ва мамлакатдан чиқариб юборилади.

Шунингдек, Япония томони қоидабузарлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистоннинг тегишли идораларига тақдим этиши мумкин. Шу боис фуқароларга "Японияда осон ишлаш мумкин" каби асоссиз таклифларга ишонмаслик тавсия этилди.

Элчихона Японияда қочқинлик мақомини сўраб ариза бериш мамлакатда узоқ вақт қолиш ёки ишлаш имконини беради, деган фикр ҳақиқатга тўғри келмаслигини ҳам эслатди.

Агар ариза рад этилса, шахс иммиграция марказига жойлаштирилиши ёки депортация қилиниши мумкин. Шунингдек, қочқинлик мақомини олиш учун ёлғон маълумот тақдим этиш ёки қонунни четлаб ўтишга уриниш жиддий ҳуқуқий оқибатларга сабаб бўлиши таъкидланди.

    Бошқа янгиликлар

    Японияда виза муддатини бузган икки нафар ўзбекистонлик депортация қилинди - Darakchi.uz