АсосийДУНË

Россияда генерал иштирок этган тадбирда портлаш содир бўлди

Ҳодиса оқибатида аёл, қўриқчи ва яна бир ташрифчи ҳалок бўлган, 21 киши жароҳат олган.

'Россияда генерал иштирок этган тадбирда портлаш содир бўлди'ning rasmi

Москва марказидаги “Balzi Rossi” ресторанида 1 август куни портлаш содир бўлди. Россия расмийлари ҳодисани террорчилик ҳаракати сифатида баҳоламоқда. Портлаш Сталин даврида қурилган бинода жойлашган ресторанда юз берган.

Медуза маълумотларига кўра, ўша куни ресторанда ёпиқ тадбир ўтказилаётган бўлган. Айрим манбалар у ерда 50 кишилик тўй, бошқалари эса генералнинг туғилган куни нишонланаётганини ёзган.

Дастлаб портлашга газ ускуналаридаги носозлик сабаб бўлгани тахмин қилинган. Аммо кейинроқ Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси ресторан кириш қисмида қўлбола портловчи қурилма ишга туширилганини маълум қилди.

Расмий версияга кўра, аёл киши ресторанга қути олиб кирмоқчи бўлган. Қўриқчи ундан шубҳаланиб, қутини текшираётган вақтда қурилма масофадан туриб портлатилган. Оқибатда аёл, қўриқчи ва яна бир ташрифчи ҳалок бўлган, 21 киши жароҳат олган.

“Коммерсант” маълумотига кўра, портловчи қурилма ичига металл шарчалар жойлаштирилган бўлган. Дастлабки тахминларга кўра, қутини олиб келган аёл унинг ичида портловчи қурилма борлигини билмаган ва совға деб ўйлаган.

Ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг террорчилик ҳаракати ҳақидаги моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Маҳаллий ОАВлар портлашнинг эҳтимолий нишони Россия Аэрокосмик кучлари бош қўмондони Александр Чайко бўлганини ёзмоқда. Айрим манбаларга кўра, тадбирда ФСБ ходимлари, мудофаа вазирлиги вакиллари, депутатлар ҳамда бошқа амалдорлар иштирок этган.

Маълумот учун, Александр Чайко 1971 йил 27 июлда туғилган. У 2026 йил май ойида Россия Аэрокосмик кучлари бош қўмондони лавозимига тайинланган. Украина ва халқаро ташкилотлар уни аввалги лавозими даврида Бучадаги воқеаларга алоқадор деб ҳисоблаган.

Портлашдан сўнг полиция ҳодиса жойини ўраб олган. Москва расмийлари айрим оммавий тадбирлар, жумладан тунги велофестиваль ҳам хавфсизлик сабаб бошқа санага кўчирилганини маълум қилган.

    Бошқа янгиликлар

    Россияда генерал иштирок этган тадбирда портлаш содир бўлди - Darakchi.uz