АсосийДУНË

АҚШ армиясининг F-35B қирувчиси ҳалокатга учради

Ҳодиса оқибатида учувчи катапулт тизими орқали самолётни тарк этиб, омон қолган.

'АҚШ армиясининг F-35B қирувчиси ҳалокатга учради'ning rasmi

АҚШ Денгиз пиёдалари корпусига тегишли F-35B бешинчи авлод қирувчи самолёти Калифорния штатидаги Сан-Диего яқинида ҳалокатга учради. Хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса Мирамар ҳарбий-ҳаво базаси яқинида содир бўлган. Учувчи фавқулодда вазиятда катапулт тизимидан фойдаланиб, самолётни тарк этишга муваффақ бўлган. У тиббий муассасага олиб борилган, шифокорлар унинг аҳволи барқарор экани ва ҳаётига хавф йўқлигини маълум қилган.

Ҳодисадан сўнг самолёт қулаган ҳудудда кучли ёнғин юзага келган. Воқеа жойига ҳарбийлар, ёнғин-қутқарув хизматлари ва махсус техникалар жалб этилган. Қутқарувчилар самолёт қолдиқлари атрофидаги ёнғинни бартараф этиш ишларини олиб борган.

F-35B — F-35 оиласига кирувчи, қисқа масофадан учиш ва вертикал қўниш имкониятига эга бўлган замонавий қирувчи самолёт ҳисобланади. Унинг бир донаси қиймати тахминан 109 миллион долларга баҳоланади.

АҚШ Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, мамлакат Қуролли кучларида 630 дан ортиқ F-35 турли модификациядаги самолётлар хизмат қилмоқда. Шунингдек, келгусида яна минглаб шундай қирувчиларни харид қилиш режалаштирилган.

Мазкур ҳодиса F-35 самолётлари билан боғлиқ навбатдаги авариялардан бири бўлди. Ҳозирда мутахассислар қирувчининг нима сабабдан қулаганини аниқлаш бўйича текширув бошлаган. 

    Бошқа янгиликлар

    АҚШ армиясининг F-35B қирувчиси ҳалокатга учради - Darakchi.uz