АсосийЖАМИЯТ

БМТ Бош Ассамблеяси Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган резолюцияни қабул қилди

Мазкур ҳужжат аъзо давлатларнинг мутлақ кўпчилик овози билан маъқулланган. Овоз бериш жараёнида 167 та давлат резолюцияни қўллаб-қувватлаган.

'БМТ Бош Ассамблеяси Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган резолюцияни қабул қилди'ning rasmi

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида тайёрланган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат аъзо давлатларнинг мутлақ кўпчилик овози билан маъқулланган. Овоз бериш жараёнида 167 та давлат резолюцияни қўллаб-қувватлаган.

Ушбу ташаббус илк бор Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи давомида илгари сурилган эди.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон дипломатиясининг саъй-ҳаракатлари натижасида мазкур ғоя халқаро ҳужжат шаклига келтирилди ва жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланди.

Резолюцияда парламентларнинг ижтимоий тараққиётни таъминлашдаги ўрнини кучайтириш, ижтимоий тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек, ривожланаётган давлатлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари акс этган.

Ҳужжатда Ўзбекистонда ўтказилган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси ҳамда унда қабул қилинган Тошкент декларацияси алоҳида қайд этилган.

Маълум қилинишича, резолюцияга 61 та давлат, жумладан Австрия, Германия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Бразилия ва Испания каби мамлакатлар ҳаммуаллиф сифатида қўшилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ташаббуслари ва парламент дипломатиясини ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

    Бошқа янгиликлар

    БМТ Бош Ассамблеяси Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган резолюцияни қабул қилди - Darakchi.uz