Бу ҳақда Краснодар ўлкаси ҳокимияти маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳужум Краснодар ўлкасидаги Геленджик шаҳри яқинида жойлашган Архипо-Осиповка қишлоғидаги фуқаролик инфратузилмасига қаратилган.
Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьев воқеани “фожиа” деб атади. Унинг сўзларига кўра, дрон парчаларининг тушиши оқибатида 4 киши вафот этган, яна 10 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган.
Маълум қилинишича, ҳодиса жойига офатлар тиббиёти бўйича ихтисослашган мутахассислар гуруҳи юборилган. Жароҳат олганлар орасида икки нафар катта ёшли инсон ва бир нафар бола шифохонага ётқизилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган, аммо мустақил равишда тасдиқланмаган видеоларда дрон соҳил ҳудудига келиб урилгани ва ортидан кучли портлаш содир бўлгани акс этган.
Ҳозирча Украина томони мазкур ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирмаган. Киев ва Москва расмийлари аввал ҳам фуқароларни атайлаб нишонга олмаслигини таъкидлаб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Россиянинг Белгород шаҳридаги дронлар ишлаб чиқариладиган университетга зарба берилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.






