АсосийЖАМИЯТ

Вояга етмаганларга машина берганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин

Бу масала бугун, 4 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилди.

'Вояга етмаганларга машина берганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин'ning rasmi

Мажлисда депутатлар “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилиб, қабул қилди.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, Жиноят кодексига вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш оқибатида фуқаронинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган, одам ҳалок бўлган ёки бошқа оғир оқибатлар юзага келган ҳолларда автомобилни топширган шахснинг жиноий жавобгарлигини белгилашга доир норма киритилиши таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунга ҳам қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда вояга етмаганларга транспорт воситасини бошқаришни топшириш, автомототранспорт воситалари ўртасида ноқонуний пойгалар ташкил этиш ва уларда иштирок этиш, юк автомобилларини тунги вақтда йўл ҳаракати иштирокчилари учун хавф туғдирадиган тарзда йўл четида қолдириш, транспорт воситасини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш ҳамда белгиланган тезликни соатига 80 километрдан ортиқ ошириш учун алоҳида ва кучайтирилган жавобгарлик чораларини белгилаш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, маъмурий жазонинг янги тури сифатида автомототранспорт воситасини олти ойдан бир йилгача муддатга вақтинча олиб қўйиш чорасини жорий этиш назарда тутилган. Ушбу жазо йўл безорилиги, ноқонуний пойга ташкил этиш, транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш ёки мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтишдан бош тортиш каби ҳуқуқбузарликлар ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бундай ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахслар томонидан содир этилганда қўлланилиши таклиф этилмоқда. Бу чора қонунда белгиланган ҳолларда жиноят ишлари бўйича туман ёки шаҳар судлари томонидан қўлланади.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш ёки тегишли текширувдан ўтишдан бош тортиш учун белгиланган жазо чораларини такомиллаштириш, айрим қўпол қоидабузарликлар такроран содир этилганда эса жаримани чегирма асосида тўлаш имкониятини маълум муддатга чеклаш ҳам назарда тутилган.

Депутатлар таъкидлашича, қонун лойиҳасининг асосий мақсади жазоларни оғирлаштириш эмас, балки хавфли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш ва йўлларда инсон ҳаёти ҳамда хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 февраль куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида 2010 йилда туғилган, хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси Дониёр Турғунов ҳайдовчилик гувоҳномасисиз BMW M4 русумли автомашинани бошқариб кетayotib, Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровни уриб юборган эди.

Инспектор уч кун давомида шифокорлар назоратида бўлганига қарамай вафот этди. Кейинчалик унинг оиласи давлат муҳофазасига олинди.

Март ойида Дониёр Турғунов қамоққа олинди. У Жиноят кодексининг 267-моддаси биринчи қисми ва 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланувчи сифатида ишга жалб этилди. Айни пайтда мазкур жиноят иши юзасидан суд муҳокамаси давом этмоқда. Иш вояга етмаган шахс иштирокида бўлгани боис суд мажлислари ёпиқ тартибда ўтказилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Вояга етмаганларга машина берганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин - Darakchi.uz