Тошкент шаҳрида Хитойдан олиб келинган 21 тоннадан ортиқ қалбаки дори воситасининг мамлакатга киритилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмат раҳбари Ҳусан Тангриев Darakchi.uz’га маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳолат "Тошкент-Аэро" ихтисослаштирилган божхона комплексидаги "Авиаюклар" ташқи иқтисодий фаолият божхона постида юкларни божхона кўригидан ўтказиш чоғида аниқланган.
Текширув давомида оғирлиги 21 тоннадан зиёд бўлган "Эфба" номли инфузион дори воситаси юкида жиддий қонунбузилишлар фош этилган.
Божхона юк декларациясида мазкур препарат Ҳиндистонда ишлаб чиқарилгани кўрсатилган бўлса-да, кўрик жараёнида дори воситаси қадоғи ва ёрлиқларида ишлаб чиқарувчи давлат ҳамда корхона ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмаслиги аниқланган. Аксинча, қадоқда препарат фақат қайси компания буюртмаси билан ишлаб чиқарилгани қайд этилган. Шунингдек, идишлардаги хитойча ёзувлар ҳам унинг Ҳиндистонда ишлаб чиқарилмаганини кўрсатган.
Божхона қўмитаси маълумотига кўра, импорт қилинадиган бундай дори воситалари учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг мувофиқлик сертификати талаб этилади.
Терговга кўра, юк эгалари мазкур сертификатни олишда "Эфба" препаратининг Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган асл намунасини тақдим этган. Кейин эса шу сертификатдан фойдаланиб, катта миқдордаги контрафакт дори воситасини Ўзбекистонга олиб киришни режалаштирган.
Божхоначиларнинг таъкидлашича, агар ушбу схема амалга ошганида, 160 минг қутидан ортиқ қалбаки дори воситаси дорихоналарга етказиб берилиши мумкин эди.
Мутахассислар "Эфба" инфузион эритмасининг асосий таъсир этувчи моддаси левофлоксацин эканини, у кучли антибиотиклар қаторига киришини қайд этмоқда. Шу боис унинг қалбаки нусхаларидан фойдаланиш инфекциянинг кучайиши, оғир аллергик реакциялар, заҳарланиш ва бошқа ҳаёт учун хавфли асоратларга олиб келиши мумкин.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вақтинча сақловга олинган қалбаки дори воситаларининг умумий қиймати 7,3 миллиард сўмдан ошади.






