ФИФА президенти Жанни Инфантино баҳсли инвестиция режаси бўйича йўл қўйилган хатолар учун узр сўради. Бироқ ташкилот раҳбарияти унинг ўз лавозимида қолишини қўллаб-қувватлади.
Марокаш пойтахти Работ шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда ФИФА раҳбари мусобақаларга хусусий сармоя жалб қилиш бўйича ишлаб чиқилган режа юзасидан йўл қўйилган камчиликларни тан олди.
Маълум бўлишича, FIFA Forward Enterprise (FFE) лойиҳаси орқали эркаклар ва аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати каби йирик футбол мусобақаларига хусусий инвесторларни жалб қилиш режалаштирилган. Мазкур ташаббус Европа футбол уюшмалари иттифоқи (УЕФА) томонидан танқид қилиниб, "яширин ва ноаниқ келишув" сифатида баҳоланган эди.
Йиғилиш якунига кўра, ФИФА бош котиби Маттиас Граффстром ҳамда ташкилот бошқарув кенгаши Жанни Инфантинони тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шунингдек, Инфантино ва Граффстром ФИФАга аъзо бўлган 211 та миллий ассоциацияга йўллаган мурожаатида юзага келган ҳолат учун "чин дилдан узр" сўради. Улар келгусида бундай камчиликларга йўл қўйилмаслигини таъкидлади.
ФИФА баёнотида инвестиция режасини тайёрлаш ва муҳокама қилиш жараёнида хатоларга йўл қўйилгани тан олинди. Ташкилот айрим аъзо ассоциациялар жараёндан четда қолгандек ҳис қилган бўлиши мумкинлигини қайд этди.
Шу билан бирга, ФИФА ўз обрўсига зарар етказувчи асоссиз айбловларга қарши зарур чораларни кўришини билдирди.
Бундан ташқари, ташкилот Жанни Инфантино Марокашга 2030 йилги Жаҳон чемпионати финалини ўтказиш ҳуқуқини ваъда қилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
ФИФА мазкур даъволарни "ёлғон ва чалғитувчи" деб атаб, 2030 йилги Жаҳон чемпионати финал учрашуви мезбони белгиланган тартиб асосида кейинроқ маълум қилинишини билдирди.
Асолат Ғуломназарова






