Бугун, 6 август куни Андижон шаҳрида Isuzu русумли юк автомашинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Оқибатда велосипед ҳайдовчиси жароҳат олди. Бу ҳақда Андижон вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса соат 13:00 атрофида Андижон шаҳрининг Пирмуҳаммедов кўчасида юз берган. 1966 йилда туғилган Х.Ғ. Isuzu русумли юк автомашинасини бошқариб кетаётган вақтда, у билан бир йўналишда йўлнинг биринчи ҳаракатланиш тасмасида ҳаракатланаётган велосипедчи кескин равишда чап томонга чиққан. Натижада велосипед транспорт воситаси билан тўқнашган.
Ҳодиса оқибатида велосипедчи тан жароҳати олган. У тиббий кўрикдан ўтиш ва зарур тиббий ёрдам олиш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон филиалига мурожаат қилган.






