Тошкент вилоятида бир қатор корхоналар масъуллари томонидан солиқ қонунчилиги бузилгани аниқланди. Улар давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган 42,5 млрд сўмлик солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганликда гумон қилинмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Солиқ қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширув давомида 6 та МЧЖ раҳбарлари ва бошқа масъул шахслар томонидан бир қатор қонунбузилишлар содир этилгани аниқланган.
Маълум бўлишича, ушбу корхоналар 32,6 млрд сўмлик қўшилган қиймат солиғини бюджетдан асоссиз равишда қайтариб олган. Шунингдек, 195,9 млрд сўмлик маҳсулотларни нақд пулга сотиб, тушумларни банк ҳисоб рақамларига кирим қилмагани айтилмоқда.
Текширув жараёнида Тошкент вилояти солиқ бошқармаси айрим масъул ходимлари томонидан ўтказилган аудит текширувларида ҳам қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Қайд этилишича, аудит далолатномаларида 5,2 млрд сўмлик солиқлар ҳисобланмасдан расмийлаштирилгани оқибатида давлат ва жамият манфаатларига катта миқдорда зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






