АсосийЖАМИЯТ

Коттежни номига ўтказиб, 36 минг долларни бермай қўйган ака-ука ушланди

Ҳозирда мазкур иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

'Коттежни номига ўтказиб, 36 минг долларни бермай қўйган ака-ука ушланди'ning rasmi

Тошкент шаҳрида коттеж савдоси билан боғлиқ товламачилик ҳолати фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ҳамда унинг 1988 йилда туғилган укаси олдиндан ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқаро томонидан Тошкент туманида қурилган коттежни 66 минг АҚШ долларига сотиб олишга келишган.

Улар дастлаб уй эгасига 30 минг АҚШ долларини бериб, қолган 36 минг долларини олти ой ичида тўлашларини билдирган. Шундан сўнг, 2022 йил май ойида коттеж 1976 йилда туғилган шахс — уларнинг акаси номига нотариал тартибда расмийлаштирилган.

Бироқ кейинчалик ака-ука қолган 36 минг АҚШ долларини тўламаслигини билдириб, маблағни талаб қилган тақдирда уй эгасига нисбатан тазйиқ ўтказиш билан қўрқитган.

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур шахслар қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси учинчи қисми “а” банди (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда мазкур иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Коттежни номига ўтказиб, 36 минг долларни бермай қўйган ака-ука ушланди - Darakchi.uz