Наманган вилоятида сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 13 мингдан ортиқ қути дори воситаларининг муомалага киритилишига чек қўйилди.
Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Тезкор тадбир давомида фуқаро А.Т. ва бошқалар "Бобуршоҳ" маҳалласидаги хонадонда 56 турдаги 13 184 қути дори воситасини сотиш мақсадида сақлаб келгани аниқланган.
Уларнинг умумий қиймати 577,4 миллион сўмни ташкил этган. Дорилар ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






