АсосийДУНË

Россиядаги ёнилғи танқислиги Марказий Осиёни янги манбалар излашга мажбур қилмоқда

Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Туркманистон ва бошқа давлатлардан импортни ошириш чоралари кўрилмоқда.

'Россиядаги ёнилғи танқислиги Марказий Осиёни янги манбалар излашга мажбур қилмоқда'ning rasmi

Россияда ёнилғи танқислиги кучайиши фонида Марказий Осиё давлатлари муқобил таъминот манбаларини изламоқда. Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ёнилғи импортини Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь, Хитой ва Туркманистон каби давлатлар ҳисобига диверсификация қилмоқда.

Eurasianet нашри маълум қилишича, Россия энергетика инфратузилмасига Украина дронлари ҳужумларининг кўпайиши мамлакатда бензин ва авиакеросин танқислигини кучайтирган. Шу сабабли Москва нефт маҳсулотлари экспортини чекламоқда.

Қирғизистон йил бошига қадар ёнилғи эҳтиёжининг қарийб 90 фоизини Россиядан қоплаган. Бироқ Россия июль охирида мамлакатнинг йил охиригача бўлган эҳтиёжининг тахминан ярмини етказиб беришга рози бўлган. Шундан сўнг Бишкек Ўзбекистон ва Қозоғистон билан келишувларга эришиб, Беларусь ҳамда Хитойдан ҳам ёнилғи олишни бошлаган.

Тожикистон июль ойида Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан ёнилғи импортини уч баробарга ошириб, 34 минг тоннага етказган. Россиядан бензин импорти эса қарийб икки баробар камайган.

Ўзбекистон Россия ёнилғисига нисбатан камроқ қарам давлат сифатида қайд этилган. Мамлакатда ойига 100 минг тоннагача нефт маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, ички эҳтиёжнинг қарийб 60 фоизи қопланади. Қолган эҳтиёжни таъминлаш учун Тошкент янги импорт манбаларини изламоқда.

Нашрга кўра, Россия–Украина уруши узоқ давом этса, Марказий Осиёда шаклланаётган муқобил ёнилғи таъминоти тизими янада мустаҳкамланиши мумкин. Бу эса Россиянинг минтақа ёнилғи бозоридаги улуши қисқаришига олиб келиши эҳтимолини оширади.

    Бошқа янгиликлар

    Россиядаги ёнилғи танқислиги Марказий Осиёни янги манбалар излашга мажбур қилмоқда - Darakchi.uz