Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи тўрт нафар шахс Россияда яширин гуруҳ таркибида террорчилик ташкилотлари ғояларини тарғиб қилиш, тақиқланган материалларни тарқатиш ҳамда террорчилик фаолиятига тайёргарлик кўришда айбдор деб топилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, улар Россиянинг Махачқалъа шаҳрида бўлган вақтида ижтимоий тармоқлар орқали ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатган ва яширин гуруҳга янги аъзоларни жалб қилган.
Гуруҳ аъзолари келгусида Сурияга бориб, жангарилар сафига қўшилиш ва қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этишни режалаштирган. Шунингдек, 2025 йил сентябрь ойида улар Махачқалъада ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қарши жиноий ҳаракатлар содир этишни режалаштиргани аниқланган.
ДХХ ҳамда Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.
Сариосиё туман суди ҳукми билан тўрт нафар шахс Жиноят кодексининг 155-2, 244-1 ва 244-2-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ҳар бири 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.






