Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо урушига барҳам бериш бўйича 15 банддан иборат режасини тўлиқ қабул қилмаслигини маълум қилди. Унинг айтишича, ҲАМАС тўлиқ қуролсизлантирилмагунча Исроил армияси Ғазодан чекинмайди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Нетаньяху 9 август куни ўнг қанот ҳукумати йиғилишида Исроил Трампнинг 15 банддан иборат ҳужжатини қабул қилмаслигини айтган.
"Исроил 15 банддан иборат ҳужжатни қабул қилмайди. Ҳарбийлар ҲАМАС қуролсизлантирилмагунча ҳеч қандай чекинишни амалга оширмайди. Биз оғир қуроллар, енгил қуроллар — барча қуроллар ҳақида гапиряпмиз", деган Нетаньяху.
Бош вазирнинг таъкидлашича, Исроил "сохта қуролсизлантириш"га рози бўлмайди. У ҳақиқий ва тўлиқ қуролсизлантириш талаб қилинаётганини билдирган.
Нетаньяху айни вақтда АҚШ томони билан режа юзасидан музокаралар давом этаётганини ҳам айтган.
Трампнинг режасида нима бор?
Дональд Трамп ўтган ой Ғазодаги урушни тугатиш бўйича режасида "муҳим силжиш"га эришилганини маълум қилганди.
15 банддан иборат режага кўра, ҲАМАС қуролсизланиши, Исроил қўшинлари Ғазодан босқичма-босқич чиқарилиши, анклав хавфсизлиги эса янги Фаластин полицияси ҳамда Халқаро барқарорлаштириш кучлари томонидан таъминланиши керак.
Бироқ режани амалга ошириш кетма-кетлиги бўйича томонлар ўртасида келишмовчиликлар юзага келган.
Исроил ҲАМАС қуролсизлантирилмагунча қўшинларини олиб чиқмаслигини билдирмоқда. ҲАМАС эса қуролсизланиш бўйича мажбуриятларни бажаришдан аввал Исроил ҳужумларни тўхтатиши ва қўшинларини олиб чиқиши лозимлигини айтмоқда.
ҲАМАСнинг юқори мартабали вакили Басем Наим 9 август куни гуруҳ Қоҳирада воситачилар билан 10 кун аввал келишилган йўл харитасига содиқ қолишини билдирди.
"Биз воситачилар ва АҚШ кафили Нетаньяху ҳамда унинг ҳукуматини йўл харитасига амал қилишга ва ички сиёсий ҳамда сайлов сабаблари билан жараёнга тўсқинлик қилмасликка ундашини кутяпмиз", деган Наим.
Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар камайган
Айни пайтда Исроил Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини сезиларли даражада камайтирган.
Reuters маълумотига кўра, 3 август куни Трамп маъмуриятининг Ғазо бўйича вакили Николай Младенов Биньямин Нетаньяху билан учрашганидан кейин Исроил армияси Ғазода фақат "зудлик билан таҳдид" деб баҳоланган ҳолатларга қарши ҳаракат қилиши ва деярли ҳар куни амалга оширилаётган мақсадли ҳужумларни тўхтатишига келишилган.
Младенов 9 август куни Ғазодаги янги йўл харитаси бўйича муҳокамалар давом этаётганини билдирган.
Нетаньяхунинг позициясини Исроил Молия вазири, ўнг қанот сиёсатчиси Безалел Смотрич ҳам қўллаб-қувватлаган.
"Биз урушга асосий мақсад — ҲАМАСни йўқ қилиш учун кирганмиз. Қўшинлар Ғазо секторида ҳатто бир миллиметрга ҳам чекинмаслиги керак", деган Смотрич.
ҲАМАС қуролларини топширишга рози, аммо...
Трамп режасига кўра, ҲАМАС ўз қуролларини АҚШ қўллаб-қувватлайдиган фаластинлик технократлар маъмуриятига топшириши керак.
ҲАМАС эса "қуролсизланиш" атамасидан фойдаланмасдан, қуролларни сақлаш учун топширишга рози бўлганини билдирган. Гуруҳ келишувни амалга ошириш Исроилнинг ўз мажбуриятларини, жумладан, қўшинларни олиб чиқиш ва ҳужумларни тўхтатиш талабларини бажаришига боғлиқ эканини айтган.
Исроил эса 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумда иштирок этган ҲАМАС жангариларини таъқиб қилишни давом эттиришини билдирган.
Ғазодаги қурбонлар сони 1 250 нафардан ошди
Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, 2025 йил октябрь ойида АҚШ воситачилигида эришилган сулҳдан кейин Исроил ҳужумлари оқибатида 1 250 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакилларидир.
Айни пайтда Исроил қўшинлари Ғазо ҳудудининг учдан икки қисмини эгаллаб тургани айтилмоқда. Анклавдаги 2 миллиондан ортиқ аҳолининг деярли барчаси эса соҳил бўйидаги, ҲАМАС назоратида қолган тор ҳудудга сиқиб қўйилган.






