АсосийЖАМИЯТ

Қирғизистонликларни алдаган ўзбекистонлик ака-ука қўлга олинди

Текширувлар давомида фуқароларга етказилган умумий моддий зарар 122 минг қирғиз сўмидан ошгани аниқланган.

'Қирғизистонликларни алдаган ўзбекистонлик ака-ука қўлга олинди'ning rasmi

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида фирибгарликда гумонланиб, 2023 йилдан буён қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси — ака-укалар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йилда Оқ-Тупроқ қишлоғи аҳолиси ўзларига таниш бўлган икки нафар шахс устидан ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилган.

Уларнинг айтишича, гумонланувчилар хонадонлар учун дераза ясаб беришни ваъда қилиб, буюртмачилардан пул олган. Бироқ ваъда қилинган ишларни бажармаган.

Текширувлар давомида фуқароларга етказилган умумий моддий зарар 122 минг қирғиз сўмидан ошгани аниқланган. Ҳолат юзасидан "Фирибгарлик" моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, 2023 йилда гумонланувчилар қидирувга берилган.

Қадамжой тумани Ички ишлар бошқармаси ходимлари олиб борган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчиларнинг қаердалиги аниқланган.

Улар Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида яшовчи, 1989 ва 1991 йилларда туғилган ака-укалар экани маълум бўлган.

Икки шахс ҳам Қадамжой тумани ҳудудида қўлга олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Қирғизистонликларни алдаган ўзбекистонлик ака-ука қўлга олинди - Darakchi.uz