АсосийЖИНОЯТ

Қирғизистонда халқаро қидирувда бўлган икки нафар ўзбекистонлик ушланди

Ҳозирда ҳар икки шахс Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда.

'Қирғизистонда халқаро қидирувда бўлган икки нафар ўзбекистонлик ушланди'ning rasmi

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жиноят-қидирув ходимлари халқаро қидирувда бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди. Бу ҳақда шаҳар милиция бошқармаси маълумотларига таяниб, "24.kg" хабар берди.

Маълум қилинишича, 1988 йилда туғилган биринчи фуқаро 6 август куни Масалиев кўчасидаги хонадонлардан бирида ушланган. У Андижон вилоятида яшайди ва муқаддам бир неча бор судланган.

Мазкур шахс 2025 йил 31 декабрдан буён халқаро қидирувда бўлган. Ўзбекистонда у фуқаролар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларига нисбатан куч ишлатиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

1985 йилда туғилган иккинчи фуқаро эса 7 август куни Авиценна кўчасида қўлга олинган. У ҳам Андижон вилоятида яшайди. Милиция маълумотига кўра, мазкур шахс Тошкент шаҳрида қотиллик содир этганликда гумонланиб, халқаро қидирувга берилган.

Ҳозирда ҳар икки шахс Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда. Уларни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига топшириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Қирғизистонда халқаро қидирувда бўлган икки нафар ўзбекистонлик ушланди - Darakchi.uz