АсосийДУНË

Тожикистонда фолбин ва сеҳргарлар хизматидан фойдаланиш тақиқланди

2024 йилда Тожикистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига фолбинлик ва сеҳргарлик билан шуғулланганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилган эди.

'Тожикистонда фолбин ва сеҳргарлар хизматидан фойдаланиш тақиқланди'ning rasmi

Тожикистон Дин, анъана ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси дуохонлик диний маросимини ўтказишнинг янги тартибини тасдиқлади. Унга кўра, энди бундай маросимларни фақат ваколатли диний хизматчилар ўтказиши мумкин. Бу ҳақда қўмита "Asia-Plus"нинг сўровига йўллаган ёзма жавобида маълум қилди.

Қайд этилишича, қўмита раисининг тегишли буйруғи 3 июнь куни имзоланган. Ҳужжатда дуохонлик ўтказиш қоидалари ва бундай маросимни амалга оширишга рухсат берилган шахслар доираси белгилаб қўйилган.

Янги тартибга кўра, дуохонлик маросимини қуйидаги диний хизматчилар ўтказиши мумкин:

  • Уламолар кенгаши аъзолари;

  • катта имом-хатиблар — марказий жоме масжидлари имомлари;

  • жоме масжидлари имом-хатиблари;

  • беш вақт намоз ўқиладиган масжидлар имомлари;

  • имом-хатиблар ва имомларнинг ўринбосарлари;

  • тегишли диний ташкилот томонидан ибодат ва диний маросимларни ўтказишга ваколат берилган муаззинлар.

Қўмита маълумотига кўра, диний хизматчилар диний эҳтиёжларини қондириш учун мурожаат қилган фуқароларга, жумладан, шариатга мувофиқ дуо ўқиш орқали ёрдам бериш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, диний хизматчилар санитария-эпидемиология меъёрларига риоя қилиши, белгиланган тартиб билан танишиши, фуқароларнинг тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишига тўсқинлик қилмаслиги ва маросимларни фақат Тожикистон қонунчилиги доирасида ўтказиши шарт.

Янги тартиб бир қатор чекловларни ҳам ўз ичига олган. Хусусан, диний хизматчиларга аёллар ва болалар учун уларнинг маҳрамлари — диний меъёрларда иштирок этиши назарда тутилган яқин қариндошларисиз дуо ўқиш тақиқланган.

Шунингдек, қуйидагиларга ҳам йўл қўйилмайди:

  • жодугарлик, сеҳргарлик ва фолбинлик билан боғлиқ хизматлардан фойдаланиш;

  • ахлоқсиз хатти-ҳаракатларни содир этиш;

  • маросимни видеога олиш ҳамда ёзувларни оммавий ахборот воситалари ёки интернетда тарқатиш;

  • оммавий дуохонлик маросимларини ўтказиш.

Бундай фаолият билан шуғулланиш учун диний хизматчилар ваколатли орган — Дин, анъана ва маросимларни тартибга солиш қўмитасидан тегишли гувоҳнома олиши мумкин.

Қўмита вакиллари ушбу қарор фуқароларнинг фолбинлар, сеҳргарлар ва норасмий муллаларга мурожаат қилиши кўпайгани билан боғлиқ эканини билдирган. Идора фикрича, диний ёрдам олишнинг расмий имконияти яратилмаса, одамлар давлат назоратида бўлмаган шахсларга мурожаат қилишда давом этади.

Бу эса назоратни қийинлаштириб, қонунбузарликлар, жумладан, жодугарлик, сеҳргарлик ва бошқа ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ хавфларни ошириши мумкин.

"Asia-Plus" қўмита позициясини келтирган. Унга кўра, янги тартиб фуқароларга диний эҳтиёжларини "шариат йўли" билан — фирибгарлар ва сеҳргарлар орқали эмас, балки ваколатли диний шахслар ёрдамида қондириш имконини бериши керак.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари фолбинлар, сеҳргарлар ва "норасмий муллалар"га қарши кампания олиб бормоқда. Нафақат бу фаолият билан шуғулланувчиларнинг ўзига, балки айрим ҳолларда уларнинг мижозларига ҳам нисбатан чоралар кўрилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йил бошига келиб мамлакатда қарийб 5 минг нафар фолбин, сеҳргар ва "норасмий мулла" аниқланиб, ҳисобга олинган.

Фолбин ва сеҳргарларга мурожаат қилганлик учун жазо чоралари кучайтирилиши билан бир вақтда, маҳаллий манбалар маълумотларига кўра, Тожикистоннинг айрим фуқаролари қўшни мамлакатлардаги шунга ўхшаш хизматлардан фойдалана бошлаган.

2024 йилда Тожикистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига фолбинлик ва сеҳргарлик билан шуғулланганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилган эди. Бунинг учун 4500 сомонигача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

Агар бундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилса, жиноят иши қўзғатилиши мумкин. Бундай ҳолатда максимал жазо икки йилгача озодликдан маҳрум қилишни ташкил этади.

    Бошқа янгиликлар

    Тожикистонда фолбин ва сеҳргарлар хизматидан фойдаланиш тақиқланди - Darakchi.uz