Наманган шаҳрида тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 577 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги дори воситалари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишида ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Наманган шаҳридаги хонадонлардан бири холислар иштирокида кўздан кечирилган. Унда 1996 йилда туғилган фуқаро томонидан келгусида сотиш мақсадида санитария қоидаларига зид равишда сақлаб келинган дори воситалари аниқланган.
Хусусан, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 56 турдаги жами 13 минг 184 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган. Улар орасида "Сефотаксим", "Бифидумбактерин", "Атропин", "Тидомет форте" каби препаратлар ҳам бор.
Аниқланишича, хонадондаги "яширин омбор"да сақланган дори воситалари қўшни республика ҳудудидан айланма йўллар орқали олиб кирилган.
Баҳолаш хулосасига кўра, мусодара қилинган дори воситаларининг умумий қиймати 577 миллион 381 минг сўмни ташкил этган.
Тезкор тадбирлар давомида тақиқланган маҳсулотларнинг ҳақиқий эгаси ҳам қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 186³-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда ҳам Наманган вилоятида тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 1,2 миллиард сўмлик дори воситалари ва тиббий буюмлар сақланаётган омборхоналар аниқланган эди.






