Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплекси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Таиланддан Ўзбекистонга синтетик наркотик моддалар олиб кирилишига чек қўйди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Маълум қилинишича, "Бангкок — Тошкент" йўналишида парвоз қилган, 2004 йилда Жиззах вилоятида ва 1993 йилда пойтахтда туғилган икки нафар фуқаро Тошкент халқаро аэропортида текширувдан ўтказилган.
Текширув давомида уларнинг юклари орасидан шиша ва алюминий идишларга жойланган ҳамда яширилган 4,6 килограмм "мефедрон" синтетик наркотик моддаси аниқланган.
Шундан сўнг уларнинг Тошкент шаҳридаги яшаш манзили ҳам кўздан кечирилган. У ердан 1,5 литр гашиш мойи ва 8 литр эритувчи восита топилиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган.
Тезкор тадбирлар давомида хориждан олиб келинган наркотик моддаларни Тошкент шаҳрида қабул қилиб олган вақтда 1997 йилда Жиззах вилоятида туғилган яна бир шахс ҳам ушланган. Ундан 635 грамм "альфа-PVP" наркотик моддаси мусодара қилинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай жиноятни содир этганлик учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.






