Индонезиянинг Шарқий Нуса-Тенгара провинциясидаги Флорес оролида 7,7 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Зилзила маҳаллий вақт билан тахминан соат 05:00 да қайд этилган. Табиий офат оқибатида бир киши ҳалок бўлган, тўрт киши жароҳатланган. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
Зилзила ўчоғи 15 километр чуқурликда жойлашган. Эпицентр Бали оролидан қарийб 1000 километр узоқда бўлгани хабар қилинди.
Зилзила айниқса Флорес оролидаги Маумере шаҳрида кучли сезилган. Портда олинган видеоларда терминал биносининг йирик бетон қисмлари паром кутаётган йўловчилар устига қулагани акс этган. Кемага олиб борувчи йўлак қулаши оқибатида айрим одамлар денгизга тушиб кетган.
Зилзиладан кейин расмийлар цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш берган. Шу сабабли Маумереда одамлар хавфсизроқ ҳудудларга, жумладан, баландликлар томон ҳаракатланган. Кейинчалик цунами хавфи бекор қилинган.
Ҳудудда кучли такрорий силкинишлар ҳам кузатилган. Улар орасида магнитудаси 6,1 га етган зилзила ҳам бор.
Индонезия Миллий офатларни бошқариш агентлиги аҳолини саросимага тушмасликка ва соҳил ҳудудларидан узоқроқ бўлишга чақирди. Шунингдек, деворларида ёриқ ёки бошқа конструктив шикастланишлар пайдо бўлган биноларга кирмаслик тавсия этилди.
Қутқарув ва қидирув гуруҳлари Маумере шаҳрида иш олиб бормоқда. Мутахассислар вайрон бўлган биноларни текшириб, жабрланганлар ва вайронгарчилик кўламини аниқламоқда.
Айни пайтда маҳаллий аҳолининг бир қисми такрорий силкинишлардан қўрқиб, уйларига қайтишдан ўзини тиймоқда. Аниқ зарар ва жабрланганлар сонини баҳолаш ишлари давом этмоқда.






