Мукофотлар мамлакат тараққиёти ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш, инвестициялар жалб қилиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий хизматларни кенгайтириш ҳамда янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорларга берилди.
Шунингдек, миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, илғор тажриба ва анъаналар мактабини яратиш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, инновацион технологияларни жорий этишда ибрат кўрсатаётган тадбиркорлар "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони билан тақдирланди.
Маросимда давлат раҳбари тадбиркорларни "Тадбиркорлар куни" билан самимий табриклади.
Қайд этилганидек, мамлакат тадбиркорлари яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз ташаббуси, билим ва тажрибаси билан иқтисодиётнинг турли тармоқларида салмоқли натижаларга эришмоқда.
Улар томонидан янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда. Шунингдек, замонавий хизматлар йўлга қўйилиб, аҳоли учун янги иш ўринлари ва даромад манбалари яратилмоқда.
Айниқса, ўз соҳасида илғор тажриба ва анъаналарни шакллантираётган, инновацион технологияларни жорий этишга интилаётган, креатив ғоя ва ташаббуслари билан ажралиб турган тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Президент ташаббуси билан шаклланган анъанага мувофиқ, ҳар йили илғор тадбиркорлар мамлакатнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирлаб келинмоқда.
Жорий йилда ҳам мукофотга номзодларни танлашда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш, инвестиция жалб қилиш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишда аниқ натижалар кўрсатаётган тадбиркорларга алоҳида эътибор қаратилди.
Маросимда Шавкат Мирзиёев давлат мукофотларини ўз эгаларига топширди.
Тақдирланган тадбиркорлар мамлакатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ва уларнинг меҳнатига берилаётган юксак баҳо учун Президентга миннатдорлик билдирди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди.






