Покистон Олий суди мамлакат собиқ бош вазири Имрон Хонни яқин кунларда қамоқхонадан шифохонага кўчириш ҳақида қарор қабул қилди. Шунингдек, унга оила аъзолари билан ҳар ҳафта учрашиш имкониятини таъминлаш топширилди. Бу ҳақда "Dawn" хабар берди.
Қарор Имрон Хон сақланаётган қамоқхона бошлиғи унинг соғлиғи ҳолати бўйича судга ҳисобот тақдим этганидан сўнг қабул қилинган.
Шифокорлар хулосасига кўра, собиқ бош вазирнинг пульси ва юрак ҳолати меъёрда эмас. Шу муносабат билан суд уни тиббий кўрикдан ўтказиш учун шифохонага кўчиришга қарор қилган.
Суд, шунингдек, Имрон Хоннинг шахсий шифокори ҳамда унинг синглиси, доктор Узма Хон иштирокида тиббий комиссия тузишни буюрган.
Айни вақтда адвокатлар ва оила аъзоларига собиқ бош вазирнинг тиббий кўрик натижаларини ошкор қилиш тақиқланган.
Имрон Хон 2018 йилдан 2022 йилгача Покистон бош вазири лавозимида ишлаган. У 2023 йил августидан бери қамоқда сақланмоқда.
Собиқ бош вазирга нисбатан бир нечта жиноят иши қўзғатилган. У Тошахонада сақланаётган давлатга тегишли қимматбаҳо буюмларни сотганлик айблови билан 14 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
2024 йилда Имрон Хон коррупция иши бўйича яна 14 йилга озодликдан маҳрум этилган.
2025 йил декабрида эса суд Имрон Хон ва унинг рафиқаси Бушра Бибини коррупция иши бўйича 17 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.






