Франциянинг жанубида куйган аёл жасади топилди. Тергов жараёнида марҳуманинг машҳур блогер Соня Беллинага тегишли экани аниқланди. Бу ҳақда "BBC" хабар берди.
Маълум бўлишича, 12 август куни Ним шаҳри яқинидаги Сен-Жилль коммунасида жойлашган узумзордан ферма ишчиси аёлнинг куйган жасадини топган. Бир неча кун давомида марҳуманинг шахси аниқланмаган.
19 август куни шаҳар прокуратураси тергов ва ДНК таҳлили натижасида жасад 29 ёшли Соня Беллинага тегишли экани тасдиқланганини маълум қилган.
Соня Беллинанинг TikTok ижтимоий тармоғида қарийб 260 минг нафар кузатувчиси бўлган. У воқеа содир бўлган ҳудудга оиласини кўриш учун келгани хабар қилинган. Блогернинг яқинлари уни 10 август кунидан бери қидираётган бўлган.
Ҳодиса юзасидан қасддан одам ўлдириш бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов доирасида икки нафар гумонланувчи қўлга олинган. Улардан бири ёки ҳар иккиси жиноятга бевосита ёки билвосита алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилган.
Блогернинг опаси Миянинг айтишича, Соня уйдан чиқиб кетганидан сўнг қайтиб келмаган. У яқинлари билан боғланмаган ва шу сабабли уни қидириш ишлари бошланган.






