АсосийДУНË

Японияда 48 ёшли ота Фудзияма тоғида чарчаган 7 ёшли ўғлини ёлғиз қолдириб кетди

Туман ва ёмғир остида 8 соат қолган болани тоғ ходимлари топиб, полицияга хабар берган.

'Японияда 48 ёшли ота Фудзияма тоғида чарчаган 7 ёшли ўғлини ёлғиз қолдириб кетди'ning rasmi

Японияда 48 ёшли ота 7 ёшли ўғлини Фудзияма тоғининг 2 километрдан ортиқ баландликдаги қисмида ёлғиз қолдириб, чўққи томон йўлини давом эттирган. Бола 8 соатдан сўнг топилган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Ҳодиса 20 август куни содир бўлган. Ота 7 ва 12 ёшли икки ўғли билан Фудзияманинг 3776 метр баландликдаги чўққисига чиқиш учун "Фудзиномия" маршрутидан йўлга чиққан. Йўлда кичик ўғли чарчаганини айтган, катта ўғли эса анча олдинга кетиб қолган.

Шундан сўнг ота кичик ўғлини йўл четидаги ўриндиққа ўтқазиб, унга егулик ва ичимлик қолдирган ҳамда шу ерда кутиб туришини айтган. Ўзи эса чўққи томон ҳаракатини давом эттирган.

Кейинроқ маршрутнинг олтинчи станцияси ходимлари туман ва ёмғир остида ёлғиз ўтирган болани кўриб қолган. Улар полицияга хабар берган. Қутқарувчилар болани хавфсиз жойга олиб чиққан, ота эса еттинчи ва саккизинчи станциялар оралиғида топилган.

Полиция отани зудлик билан боласининг олдига қайтишга мажбур қилган ва унга қатъий огоҳлантириш берган. Ота ўз хатосини тан олиб, узр сўраган.

Фудзияма Япониянинг энг машҳур тоғларидан бири бўлиб, унинг баландлиги 3776 метрни ташкил этади. Тоғ ҳар йили юз минглаб сайёҳ ва сайёҳлик ишқибозларини жалб қилади.

    Бошқа янгиликлар

    Японияда 48 ёшли ота Фудзияма тоғида чарчаган 7 ёшли ўғлини ёлғиз қолдириб кетди - Darakchi.uz